Ўш вилоят ИИБи 2-август куни ўзбекистонлик фуқаронинг ижтимоий тармоқлардаги шикояти бўйича текширув бошланганини билдирди. Ўш аэропортидаги ва «Достук» чегара бекатидаги киракашларга тушунтириш ишлари юритила бошлади.
Маҳкама маълумотига кўра, ҳайдовчиларнинг чет элликларга нисбатан қўпол муомаласи бўйича 14та мурожаат тушган. Ундан 7 ҳолат бўйича текширув олиб борилмоқда.
Бунгача ўзбекистонлик фуқаро TikTok платформаси орқали мурожаат қилиб, Ўш аэропортидаги таксичилардан норози бўлган. У Россиядан Ўш аэропортига учиб, ундан Ўзбекистонга ўтаётган фуқароларни таксичилар мажбур машинасига солиб, чегара бекатигача 6 чақирим жойга ҳар бир кишидан 500 рублдан олаётганини айтган.
«Мусофирлар “арзон бўлсин” деган мақсадда айтишмоқда. Ўша ерда мафия ясаб олган таксичилар ўзбекистонликларни мажбурлаб 6-7 киши қилиб машинага тиқиб, 6 километр ерга 500 рублдан олиб кетяпти», — деган у.
Шунингдек у ўзининг воқеаси билан ўртоқлашган. Унинг сўзларига кўра, у Россиядан келаётганда қирғизистонлик танишидан уни кутиб олиб чегара бекатига етказиб қўйишни сўраган.
У рози бўлиб, ёнига бошқа одамларни қўшиб олишни тавсия этган. У аэропортда бошқа уч нафар одам билан бирга кетишни келишиб олган.
Аммо ташқарига чиққанида «уларни бир нечта таксичилар ўраб олиб, уч кишини улар билан кетишига йўл бермай қўйган. Ўзбекистонлик фуқаро ўша вақтда уларнинг ёнида турган ҳуқуқ –тартибот идоралари ходимлари чора кўрмаганини айтиб норози бўлган.
«Милиция ходимлари, ДАН ходимлари турди, ҳаммаси “доля”сини олиб олган. Эътибор ҳам қилишмади. Нима Қирғизистон шунчалик даражага тушиб қолганми? Нима учун давлат эътибор қаратмайди?! Мени қирғиз халқидан норози бўлаётган жойим йўқ, фақат таксичилардан норози бўляпман», — деган у.
Шунингдек шикоятчи чет элликларни мажбурлаб ташиётган таксичиларга мурожаат қилиб, «уларнинг ҳаром пул топаётганини» эслатиб ўтган.
«Мен бу ерда бир халқ ҳақида эмас, ёмон одамлар тўғрисида айтяпман. Бундайлар ҳамма юртда бор. Фақат пулни ҳалоллаб топиши керак», — дея хафа бўлган у.