Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли бўйича келишувга Самарқандда қўл қўйилиши мумкин

260

Жорий йилнинг 1-16-сентябрида Самарқандда Шанхай Ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) саммити ўтади. Саммитда Қирғизистон, Ўзбекистон ва Хитой темир йўл қурилиши лойиҳаси бўйича уч томонлама ҳужжатга қўл қўйишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 2-августда Ўзбекистоннинг ташқи ишлар вазирлигининг вазифасини бажарувчи Владимир Норов билдирди.

У ҳозирда темир йўл қурилиши лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш ишлари олиб борилаётганини айтди.

Норов «”Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўл коридорининг транскавказ йўлаги билан бириктириш мамлакатларнинг ўртасида умумий транспорт тармоғини тузиб, Хитойдан чиқиб Европагача  савдо географиясини кенгайтиради», деб қўшимча қилди.

Аввалроқ президент Садир Жапаров ШҲТнинг сентябрда ўтувчи саммитида темир йўл қурилишни бошлаш бўйича келишувга қўл қўйиш ташаббуси билан чиққан. Бу ҳақда Жапаров 4-июлда Хитойнинг ташқи ишлар вазири Ван И билан учрашувда айтган.

У Ван Ига хитойлик мутахассислар Қирғизистонга келиб, темир йўлни қуриш учун жой-жойларда тадқиқ ишларини бошлагани учун миннатдорчилик билдирган.

Шарқ ва Ғарбни боғловчи йўл

Хитойдан Қирғизистонга, сўнгра Ўзбекистон, Эрон ва Туркия орқали ўтиб Европага чиқувчи темир йўлни қуриш бўйича музокаралар бошланганига қарийб 20 йил бўлди.

Бу йўл Қирғизистонга деярли бутун Осиёни – Хитойнинг қирғоғидан бошлаб Форс кўрфазигача бўлган ҳудудни боғлайдиган қитъа кўпригининг бир қисми бўлишга имконият беради.

Магистралдан йилига 7 млн тоннадан 13 млн тоннагача юк ташиш мумкин бўлади деб кутилмоқда. Қирғизистоннинг ҳисоби бўйича уларнинг 80%и транзит, қолгани — Қирғизистоннинг ўзининг савдо-сотиги бўлади. Аввал Қирғизистон транзитнинг ўзиданоқ ҳар йили 200 млн доллар даромад олиши мумкинлиги айтиб келинган.

Шунга қарамай ҳозирча йўлнинг ўтувчи ери, қурилишни ким молиялаши ечилганича йўқ.

Ҳозирги вақтда темир йўлнинг тахминий икки версияси бор. Қирғизистон маршрут Торугарт — Арпа — Макмал— Жалолобод орқали ўтиши керак демоқда. Бу 280 километр йўл, у кўплаб бекатларни ўз ичига олади. Ўзбекистон билан Хитой эса, Торугарт — Арпа — Қорасув маршрутини таклиф қилмоқда. У биринчи вариантдагидан 8 километрга қисқа ва бир оз арзонроқ бўлади. Лойиҳани амалга оширишнинг умумий миқдори 5 млрд долларга баҳоланмоқда.

Шу билан бирга ҳозирги вақтда бирорта ҳам давлат лойиҳани молиялашга тайёрлигини айтганича йўқ. Қурилиш ишлари, «Қирғиз темир йўли»нинг маълумотига кўра, 6 йилдан 8 йилгача вақтни олиши мумкин.

Асосий саҳифадаги сурат иллюстратив.