Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида сел оқибатларидан уйлари вайрон бўлган саккиз оилага уй-жой қурилмоқда. Бу ҳақда туман маъмурияти матбуот хизмати маълум қилди.
Уларнинг маълумотига кўра, саккиз уйнинг қурилишига давлат бюджетидан 5,6 млн сом ажратилган.
«Бундан ташқари, ушбу хайрли иш учун вилоят бўйича давлат ходимларининг бир кунлик ойлик маошларини ҳам тўплаб, қурилишга фойдаланилмоқда», — дея маълум қилди матбуот хизмати.
Май ойида кучли ёққан ёмғир туфайли Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманини сел қоплаган. Натижада у ерга фавқулодда ҳолат тизими киритилган.
Унда Сузоқ туманининг Барпи ва Атабеков қишлоқ ҳудудларида сел 606 турар уйни ва 10 ижтимоий бинони қоплаган. Сув қоплаган туманлардан мингдан ортиқ киши эвакуация қилинган.