«ПолитКлиника» нашри «Бишкек» эркин иқтисодий ҳудудининг бош директори Кудрет Тайчабаров хизмат учун дейилган iPhone 12 Pro Max русумидаги телефонни тендерсиз олганини аниқлаб чиқди.
Бунгача, 1-августда фаол Атай Бейшенбек Фейсбук саҳифасига Тайчабаров маҳкама ҳисобидан 110 минг сомга iPhone 12 Pro Max русумидаги телефон ва 2 миллиондан ортиқ сомга «Тойота Ланд Крузер 200» русумидаги автомобил сотиб олганини ёзган эди.
Кўп ўтмасдан ижтимоий тармоқларда Тайчабаров уяли телефонни «тендер ўтказмасдан ўзбошимчалик билан сотиб олган»ини айтиб танқид қилишган. «ПолитКлиника» нашри бу маълумотларни таҳлил қилиб чиқди.
Телефон сотиб олишда тендер ўтмаган
Кудрет Тайчабаров 2020-йилнинг 14-ноябрида ўша вақтдаги бош вазир Садир Жапаров буйруғи билан «Бишкек» эркин иқтисодий ҳудудининг (ЭИҲ) бош директори этиб тайинланган.
Журналистлар Давлат харидлар порталида 2020-йили ЭИҲ номидан телефон сотиб олиш бўйича ҳеч қандай тендер эълон қилинмаганини таъкидлашди.
Муассаса директори Кудрет Тайчабаров «ПолитКлиника»га телефон тендерсиз олинганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, муҳокамага олинган смартфонлар собиқ раҳбар даврида харид қилинган.
«Телефон бўйича, у хизмат телефони ҳисобланади. Бундай телефондан тўрт-бешта бор. Улар аввал олинган телефонлар. Собиқ раҳбарият фойдаланиб юрганлари ҳам бор. Улар ишдан кетганида ортидан даъво қилиб юриб олиб қолганмиз», — деб тушунтирди у.
«ПолитКлиника» журналистлари Тайчабаров сўзларини ҳам текширди. Тайчабаров 2020-йилнинг 14-ноябрида ишхонага директор этиб тайинланса, iPhone 12 Pro Max телефони ўша йилнинг 13-ноябрида сотувга қўйилган.
«Аниқроқ қилиб айтган, Тайчабаров собиқ раҳбарият сотиб олган деган уяли телефон у хизматга тайинланишдан бир кун аввал сотувга чиққан», — дея таъкидлашди журналистлар.
Apple компаниясининг расмий сайтида мазкур смартфоннинг нархи хотирасига қараб 99 000 рублдан 109 990 рублгача бўлиши ёзилган.
Автомобил ишхона балансига ўтган
Блогерлар айтган машина юзасидан Тайчабаров, «маҳкама ҳисобидан олинмаган» деди. Унинг сўзларига кўра, «Бишкек» эркин иқтисодий ҳудудидагида «Бисталь» ишхонаси ижара ҳақини тўлай олмай қолганидан, машина ЭИҲ балансига ўтган.
«Нафақат машина, биноларни ҳам шундай баҳолаб, ўтказиб оламиз, агар [ишхона] қарзини тўлай олмаса. Айрим бир субъектлар ўрнатган трансформатор, подстанция, фойдаланилган воситаларни ўтказиб беришади. Суд орқали ҳал қилинса, суд ижрочиси келиб, ҳаммасини баҳолаб ўтказиб беради. Бу қонуний ҳолат», — деб қўшимча қилди у.
Шунингдек, Тайчабаров «Бишкек» эркин иқтисодий ҳудуди давлат бюджетига алоқаси йўқ, шунинг учун Бюджет кодекси таъсир кўрсатмайди» дея таъкидлади. У шунинг учун бунгача сотиб олишларнинг кўпи тендерсиз ўтиб келган деб тушунтирди.