27 июль куни давлат раҳбари Садир Жапаров Тожикистон президенти Эмомали Рахмон билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, президентлар икки ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари ва истиқболини муҳокама қилишди. Шунингдек улар минтақавий ҳамкорлик мавзусига ҳам тўхталишди.
«Давлат раҳбарлари икки давлат ва икки эл ўртасидаги яқин қўшничилик ва қардошликни мустаҳкамлашга қаратилган фаол сиёсий мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар», — дейилади президент матбуот хизматидан.
Икки давлат президентлари бир ой олдин ҳам телефон орқали гаплашиб, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувини муҳокама қилган.
Кейин президентлар 20 июль куни Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган кенгашда учрашган. Йиғин якунида XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш учун дўстлик, яқин қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзолашлари айтилган, бироқ уни Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари имзоламаган.
Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги энг жиддий муаммолардан бири - чегара масаласидир. Белгиланмаган ҳудудларда сув ва ер ресурсларидан фойдаланиш, чегарани ноқонуний кесиб ўтиш билан боғлиқ можаролар туфайли қишлоқларда низолар тез-тез содир бўлади.
Садир Жапаров 15 апрель куни қирғиз-тожик чегарасининг 664 километри аниқланганини айтиб, қолган 308 километри «тинчлик бўлса, ҳамма нарсани ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда ҳал қилишимиз мумкин» деган.
Тожикистон президенти Эмомали Рахмон 17 апрель куни Исфара шаҳри аҳолиси билан учрашувда чегаранинг 663,7 километри келишилганини тасдиқлаб, қирғиз-тожик чегараси билан боғлиқ масалаларни музокаралар орқали тезроқ ҳал этилишидан «манфаатдорлигини» айтди.