Миллий банк Бошқармаси 22 июлда хорижий валютасини айирбошлаш операцияларига вақтинчалик чеклов киргизди. Бу ҳақда 25 июлда давлат бош банкининг матбуот хизмати хабар берди.
У томондан мазкур қарор мамлакатнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш ҳамда «дунёдаги юз бераётган геосиёсий вазият ва уларнинг ички молия бозорига таъсири билан боғлиқ йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолатлар ва хавфларни камайтириш» мақсадида қабул қилинганини таъкидладилар.
Эндиликда тижорат банклари валюта айирбошлаш шохобчалари билан бир кунда ўша пул айирбошлаш шохобчасининг айланмасидан ошмаган миқдордадагина валюта олди-сотдисини амалга ошира олишади. Бу нақд ва шунингдек нақд бўлмаган хорижий валюталарга тегишли.
Бундан ташқари, эндиликда тижорат банклари ҳар ҳафта Миллий банкка ҳисобот, жумладан, валюта айирбошловчи жойлар билан хорижий валютадаги савдо-сотиқ бўйича маълумот тақдим этиши шарт.
Худди шундай чеклов валюта айирбошлаш шохобчаларига ҳам жорий этилди. Энди улар бир кун ичида фақат банклар билан валюта айланмасидан ошмайдиган суммага савдо қилишлари мумкин. Шунингдек, пул айирбошлаш шохобчалари кун охирида ёки бошланишида муомаладаги пул маблағлари миқдорини тасдиқловчи маълумотни банкларга бериб туриши керак ва унга назорат-касса машинасининг (НКМ) квитанцияси илова қилиниши шарт.
Марказий банк агар янги фармоннинг талаблари бузилса тижорат банкларига ва айирбошлаш бюроларига нисбатан «таъсир кўрсатиш» чоралари кўрилишини айтди. Ушбу чоралар лицензияни бекор қилиш ва мутасадди шахсларга нисбатан санкция киритишни ўз ичига олади.
Банкларнинг рекорд даромади
Аввалроқ бир қатор ОАВ Миллий банк ва экспертларнинг ҳисоботига таяниб, йил бошидан бери тижорат банкларининг даромадлари рекорд даражага кўтарилгани ҳақида ёзган эди.
Масалан, Economist.kg молиявий нашри 2022-йилнинг биринчи ярим йиллигида Қирғизистон банклари хорижий валютадаги операциялардан рекорд даражадаги 10 миллиард 589 миллион сом соф даромад олгани ҳақида билдирган. Нашрнинг ҳисоб-китобларига кўра, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,2 баробар кўп «валюта даромади».
Молиячи Арслан Кененбаев эса Tazabek нашрига берган интервюсида жорий йилнинг май ойида банк секторининг соф даромади 350%га ошганини айтди.
Марказий банк банклар қонун бузмаганини, уларда даромад билан бирга харажатлари ҳам ортганини билдирган.
«2022-йилнинг 1-июнига кўра, тижорат банкларининг фоизсиз даромадлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 335%га ошганига қарамай, банкларнинг фоизсиз харажатлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 374 %га ўсганини таъкидлаб ўтиш лозим», — деб Миллий банкдан «Азаттык»қа жавоб беришган.
Долларни чиқариб кетиш
Аввалроқ Миллий банк Қирғизистонда нақд АҚШ доллари тақчиллиги ва шу сабаб аҳолининг хорижий валютага бўлган талабини тўлиқ қондиришнинг имкони йўқлигини билдирган эди.
Миллий банк чет эл валютаси етишмаслигини-хориждаги жисмоний ва юридик шахсларнинг спекуляцияси билан изоҳлади. Шу билан бирга, мамлакат бош банки долларнинг кескин тақчиллиги йўқлигига ишонтирган.
Шунингдек Миллий банкдан Қирғизистонга доллар олиб кирувчи каналлар иши ҳам издан чиққани айтилади. Илгари маҳаллий банклар нақд долларни Қозоғистон ва Россиядан сотиб олган бўлса, энди валюта етказиб берувчи бу каналлар фаолиятини тўхтатган, банклар эса янги йўлларни кўриб чиқмоқда.
Июль ойи бошида бир қатор банклар чет эл валютасини нақдлаштириш учун 5 % комиссия жорий этди. Буни Миллий банк қуйидагича изоҳлади: банклар нақд пул олиб киришда сарфланган харажатларни қоплаш учун чет эл валютасини муомалага киритмоқда.
Аввалроқ Қирғизистонда чет эл валютасини мамлакатдан олиб чиқиш таъқиқланиши мумкинлиги хабар қилинганди. Айни пайтда тегишли қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасида бўлиб, у юридик ва жисмоний шахсларга ҳам тегишли. Якуний қарорни вазирлар маҳкамаси қабул қилиши керак.