Олий суд Next TV телеканалининг материалларини экстремистик деб топди. Бу ҳақда мазкур телеканалнинг эгаси Равшан Жээнбеков Фейсбук саҳифасида ёзиб чиқди.
Унинг айтишича, Олий суднинг судьялари Нурмамбет Эшалиев, Жамалкан Исакова ҳамда Дилбар Кулматова аввалги инстанциянинг қарорини кучида қолдиришди.
«Бугун Олий суд Ташиев бош бўлган МХДҚнинг Next TV телеканалининг директори Таалайбек Дуйшонбиевга нисбатан қалбаки турда қўзғаган жиноят ишини қонунийлаштирди», — деб ёзди сиёсатчи.
Аввалроқ, 29-мартда, Бишкекнинг Биринчи май туман суди Бош прокуратуранинг шикоятидан кейин Next TV телеканалининг материалини экстремистик деб топган. Прокуратуранинг телеканални ёпиб, эфирдан олиш бўйича иккинчи илтимосини суд қаноатлантирмаган.
Назорат органи «Қозоғистоннинг миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ етакчиси А. Мусаев Қирғизистон билан Тожикистон яширин турда Россияга ҳарбий қўллов кўрсатишга тайёрлигини билдиришди деб айтди» деган сарлавҳадаги материални экстремистик деб топишни илтимос қилган. Материални телеканал ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида эълон қилган.
Шу билан бирга журналистлар Қозоғистоннинг миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ бошчиси Альнур Мусаевнинг баёнотини келтиришган. Мазкур маълумотни кейин Қирғизистонинг Мудофаа вазирлиги инкор қилган. Телеканал ижтимоий тармоқларга Мусаевнинг сўзларидан иқтибос эълон қилган эди.
Бу материалга боғлиқ иш бўйича МХДҚнинг ходимлари аввалроқ Next TV телеканалининг директори Таалай Дуйшонбиевни қўлга олишган. У «Миллатлараро низо қўзитишда» гумонланмоқда.
18-июлда Биринчи май туман суди телеканалнинг директорини 3-августгача қамоқда қолдирган. У 2022-йилнинг мартидан бери қамоқда қолмоқда.
МХДҚ телеканал ижтимоий тармоқлар орқали «Қирғизистон Украина ҳудудидаги махсус операция доирасида Россияга ҳарбий қўллов кўрсатиши бўйича келишувга эришилди деган ёлғон маълумот» тарқатган деб тушунтирган.