«Ниёзбековнинг ҳеч қандай айби йўқ».  Депутат Матраимов 13 ёшли қизнинг зўрлангани ҳақида гапирди

311
Улан Ниязбеков/Искендер Матраимов

Депутат Искендер Матраимов 13 ёшли қизнинг милиция ходимлари томонидан зўрлангани бўйича «Азия Ньюс» газетасига интервью берди. Уни газетага илова берган ҳолда Argument.kg сайти 21- июль куни эълон қилди.

Матраимов ўз интервюсида ўсмир қизнинг милиционерлар томонидан зўрланишида  ички ишлар вазири Улан Ниязбековнинг «умуман айби йўқлигини» айтди. У  бу ҳолатда «вазир истеъфосини талаб қилиш керак эмас» деб ҳисоблайди.

«Бу ерда қизни зўрлаган милициянинг шахсий жавобгарлиги эмасми? Бизда қизиқарли вазият бор. Масалан, икки қўшни жанжал қилса ҳам, вазир айбдор, товуқ ўғирланган бўлса ҳам, вазир айбдор. Бундай бўлмаслиги керак» - деди у.

Депутат ҳар бир ҳудудга масъул ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бошланғич раҳбарлари бўлишларини ва бу каби масалалар улар томонидан кўриб чиқилиши керак деган фикрда.

«Нима улар тезак  теришяптими? Вазир - давлат даражасидаги ишларни бошқарадиган раҳбар. Вазирнинг 13 ёшли қизни зўрлаганини баҳона қилиб, сиёсийлаштириб, истеъфога чиқиш талабини қўллаб-қувватламайман, бу сўнги сўзим”, — деди Матраимов.

«Азия Ньюс»да чоп этилган интервю қанчалик ҳақиқат эканини билиш учун депутат билан боғланиб бўлмади.

13 ёшли қиз милиция ходимлари томонидан зўрлангани маълум бўлгач, Бишкек ва Ўш шаҳарларида зўравонликка қарши митинг бўлиб ўтди. Йиғилганлар расмийлар зўравонликларни тўхтатишга бефарқ эканига ишора қилиб, ички ишлар вазири Улан Ниязбековнинг истеъфосини талаб қилишди.

Ниязбеков нима деди?

Ниязбековнинг ўзи 13 ёшли қизнинг зўрланиши ҳақидаги журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, «воқеа ишдан ташқари содир бўлганини» таъкидлади.

«Келинг, суд жараёнига аралашмайлик” деди у ва ўсмирни зўрлашда айбланаётган милиция ходимларининг раҳбарлари «жазолангани»га ишонтирди.

Унга кўра, Свердлов туман ИИБнинг жамоат хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ва кадрлар бўлими бошлиғининг ўринбосарига қаттиқ танбеҳ бериш ва лавозимини пасайтириш тарзида жазо берилган.

Бошқа расмийлар нима деган?

Оммавий норозиликдан кейин бир қатор расмийлар ҳам воқеага турлича изоҳ берди. Бироқ президент Садир Жапаровнинг ўзи бу воқеага изоҳ бермади ва у билан учрашмоқчи бўлган фаолларни қабул қилмади.

Унинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев эса «президент бундай салбий ҳолатларни кескин танқид қилади» деди.

Вазирлар маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров «милиция ходимлари орасида ҳам ҳайвонлар борлигини» айтиб, «буни кечириб бўлмайди»  деган.

Вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари Эдил Байсалов эса ўз Твиттерида «Бу воқеани [ОАВда] ёзиб, яна қайғуни кучайтиришдан нима фойда? » деб ёзган. У баъзи оммавий ахборот воситаларини  «қирғиз халқини стрессга солиб, ахборот террори» билан шуғулланаётганликда айблади.

Жамоатчилик Байсаловнинг нутқини кескин танқид қилди, ҳатто унинг изоҳига иллюстрация ҳам чизилди.

Вазирнинг истеъфоси биринчи марта талаб қилинаётгани йўқ – 2021-йил апрелида 26 ёшли Айзада Канатбекованинг ўғирлаб кетилиши,  ўлдирилишидан кейин ҳам митинглар бўлиб ўтган ва одамлар Ниязбековни истеъфосини талаб қилишган.

Аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик

Қирғизистонда 2022-йил бошидан бери болаларга нисбатан 400 дан ортиқ зўравонлик ҳолатлари қайд этилган. ИИВ маълумотларига кўра, 400 та ҳолатнинг 55 таси жинсий зўравонликдир.

Рўйхатга олинган 55 та жинсий зўравонлик ҳолатлари орасида: 19 таси зўрлаш, 5 таси жинсий зўравонликка уриниш, 23 таси вояга етмаган қизларга нисбатан жинсий зўравонликка уриниш ва 8 таси нопок ҳаракатлардир.

Шу билан бирга, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ҳар йили ортиб бормоқда. Кўпинча ишлар судгача етиб бормайди, бунга сабаб болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари асосан қариндошлар томонидан содир этилади.