Публицист, фуқаролик фаоли Олжобай Шакир «Ташиев кетсин» деган флешмобини бошлаб юборди. Бу ҳақда у 20-июл куни ижтимоий саҳифасида маълум қилди.
Олжобай Шакир бундай флешмобни МХДҚ раиси Қамчибек Ташиевнинг инқилоб қилиш учун митингга чиққанларни «кулини кўкка совурамиз» деган баёнотидан кейин бошлаб юборган.
Ёзувчи ўз чақириғида Ташиев ва унинг «сиёсий дўсти» фаолиятини танқид қилиб, ҳукуматга муносиб сиёсатчи келмаётганини айтди.
«Ким кимнинг кулини кўкка совурар экан? Ташиев оғзига келганни ўтламасин! Бундай безориларни кўп кўрган қирғизлар! Яна давлат тўнтариши бўлса, икки дўстни халқ Оқ уйнинг 7-қаватига чиқиб, елкасидан тутиб отади. Тўртинчи тўнтариш фақат иккита дўстга керакдир. Халққа эса ҳеч қандай инқилоб ёки тўнтариш керак эмас. Чунки яна безорилар, зўравонлар ҳукуматга келиши аниқ», — деб ёзади у.
Шунингдек, публицист МХДҚ раисининг ишидан қониқмаётганларни ижтимоий тармоқ орқали «Ташиев кетсин» деган талаби билан флешмобга қатнашишга таклиф қилди.
«Қирғизистон халқи икки зўравоннинг гаровга олиши, қатағон қилишига тоқат қилмайди! Озодлик туйғуси қонида ўйнаган халқимизнинг руҳини бундай аҳмоқлар синдира олмайди. Иккови ўртасидаги “дўстона” муносабатлар давлатчиликни барбод қилмасдан олдин, Ташиев зудлик билан истеъфога чиқиши керак. Агар у халққа таҳдид қилишдан тўхтамаса, ҳақиқий инқилоб қандай бўлишини халқ унга тезда кўрсатиб беради”, — деди Олжобай Шакир.
Аввалроқ МХДҚ раҳбари Қирғизистонда кузда инқилоб бўлмайди, чунки расмийлар ҳаракатларида инқилоб учун ҳеч қандай сабаб йўқлигини маълум қилганди.
Ташиевнинг сўзларига кўра, ҳозирги ҳукумат давлат ривожи учун барча чораларни кўрмоқда. Масалан, у Давлат идораларида коррупцияга қарши курашиб, мамлакат хизматчиларининг маоши ва пенсияларини ошириш устида ишламоқда.
«Нима учун инқилоб бўлиши керак? Олдин ҳам огоҳлантирганман, ҳозир ҳам огоҳлантираман. Кимда ким “инқилоб қиламан” деб митингга чиқса, кулини кўкка сочамиз. Бизнинг вазифамиз – беш киши орқасидан эргашмайдиган ҳаром сиёсатчиларни эмас, балки давлат ва унинг ичидаги кўпчиликнинг манфаатларини ҳимоя қилиш», — деган Ташиев.
МХДҚ раисининг интервьюси 17 июль куни айрим мухолифатчи сиёсатчиларнинг Талас вилояти аҳолиси билан учрашувидан сўнг чоп этилди.
Йиғилиш якунида сиёсатчилар «ҳозирги ҳукумат мамлакатдаги жиддий ижтимоий-иқтисодий, таълим ва тиббиёт инқирозини бартараф эта олмади», деган резолюция қабул қилди.
Шу билан бирга, мухолифат партиялари «агар ҳукумат шу ва бошқа муҳим давлат масалаларини ҳал қилишга ва биргаликда муҳокама қилишга рози бўлса, ҳукумат билан мулоқотга киришишга тайёр»лигини таъкидлади.
2020-йил октябрь воқеалари натижасида мамлакатда ҳокимият алмашганидан сўнг Қамчибек Ташиев МХДҚ раиси бўлди.
Кўп қонун бузилиши билан кечган парламент сайловлари оммавий норозиликларнинг сабабларидан бири бўлди. Намойишлар хавфсизлик кучлари билан тўқнашувларга, Оқ уйнинг босиб олинишига ва СИЗОдаги бир қатор сиёсатчиларнинг озод этилишига олиб келди. Митингда қатнашганлар ҳозирги президент Садир Жапаровни ҳам колониядан озод қилишди.