64 ёшли Айна Мурзалиева 13 ёшли набираси билан Бишкекдаги бир хонали хонадонлардан бирида яшайди. У бу уйни умри давомида ишлаб топган пулига сотиб олган. Уйнинг ташқи эшигига «7» белгиси вақтинчалик бўёқ билан ёзилган. Квартиранинг расмий серия рақами номаълум - ҳозирча ҳеч қандай ҳужжат йўқ. Ҳужжатларни Айна тўрт йилдан бери кутмоқда – у ҳамон техник паспорт олишга умид қилмоқда.
Айна шу билан иккинчи марта уй олишда “куйиб” қолди. У 2017 йилда қариндошларининг уйида яшар эди. 12-кичик тумандаги икки хонали уйини сотиб, пулнинг бир қисмини Иссиқкўлда пансионат қураётган ўғлига берган, қолганини эса янги қурилган уйнинг дастлабки тўлови учун кафолат сифатида берган. Икки йил ичида унинг ўғли пансионатни қуриб битказди, аммо янги квартира қурилиши тугалланмай, чўзилиб кетган. Қаҳрамонимиз бошқа квартира олиш ҳақида ўйлай бошлаган.
«Мен қариндошларим билан яшашни хоҳламадим. Ўғлимга: “Пансионатни сотиб, уй оламиз”, дедим. Бўлмаса, бу қурилиши тугалланмаган хонадонни яна қанча кутиш керак...», —дейди у.
Янги қурилаётган бошқа уйда квартиралар сотилаётганини Айна ҳам қўшнилари сингари эълондан эшитган эди. «Бизга квартира ёқди, чунки ҳамма нарса тайёр эди: таъмири ҳам, ҳамма –ҳаммаси, тайёр эди. Пардалар илинган, газ кирган, газ плитаси ҳам бор эди. Яп-янги эди», — деб эслайди у квартирани биринчи марта кўргандаги ҳис-туйғуларини.
Кейин Айна ўғли иккиси қуриб битказилган пансионатни сотиб, ярим пулга Бишкекдан бир хонали квартира сотиб олишга қарор қилади. Янги уйдаги квартирани Урмат Алкадиров сотаётган эди – у кўп қаватли уй жойлашган ер участкаси эгаси, онаси Майрамкул Мураталиевадан олинган ишончнома асосида уни сотувга қўйган.
Айнанинг ўғли Урмат Алкадиров билан шартнома тузган, лекин уйнинг техник паспорти кечикиб кетган.
«Мен Урматдан “Техник паспорт қачон берилади?” деб сўрасам, “Вой, сиз шошяпсиз. Уч кундан кейин, жума куни”, - деб эслайди у. - Жума куни эса: "Ҳа, бу ҳужжат менинг столимда турибди. Душанба куни сизга қўнғироқ қиламан" деган. Шундан буён, орадан 4,5 йил ўтди».
Мурзалиева ҳафсаласи пир бўлиб, 2018 йилда квартирани сотишга қарор қилди – лекин техник паспорти бўлмагани учун уни сота олмади. «Сота олмас экансан. Мен пулни қайтариб беришни ҳам сўрамайман, тўрт ярим йилда чарчадим. Менга техник паспорт керак, холос», — деб куйинади у.
Уйдан хабар йўқ
Айнанинг уйи Жунусалиев ва Айний кўчалари чорраҳасида жойлашган. Бу ерда дастлаб бир қаватли уй бор эди. Сунъий йўлдошдан олинган суратларга кўра, юк ташиган темир контейнерларидан қурилган уч қаватли уй қурилиши 2015 йилда бошланган. Кейинчалик у томни олиб ташлади ва яна бир қават қўшган. 2016-йилда Урмат Алкадиров орқали қурилиши тугалланмаган уйдаги илк хонадонлар сотила бошлаган. Бироқ Алкадиров ва унинг онаси уй эгаларига шу кунгача ҳужжатларини бермаган.
Қизиғи, қонун бўйича бу ерда ҳеч қандай уй йўқ. Кўчмас мулк ҳуқуқларининг ягона реестрида бу ҳеч қандай қурилишсиз ер участкаси. «Бишкек бош архитектура» ишхонасидан эса мазкур участкада уй қуришга рухсат берилмаганини айтмоқда.
«Давлат экспертизасининг ижобий хулосаси — мазкур қурилишга рухсатнома олинганлигини билдиради. Бу ерда хулоса йўқ. Шунинг учун объект ўзбошимчалик билан қурилган деб ҳисобланади», —деди маҳкамадан «Клооп»га.
Жунусалиев кўчасидаги уйдан квартира олганлар қурувчи томон билан олдиндан олди-сотди шартномаси тузилганини айтишмоқда. «Прецедент» юридик фирмаси шартномани ушбу турдаги «дольщик»лар учун «энг хавфли шартномалардан бири» деб атайди ўзининг сайтида. «Бу қандайдир сотаман деган ваъдага ўхшайди, лекин ҳеч қандай кафолат бермайди», деб ёзади юристлар.
Банк сири
Медияр Токтомамбетов Урмат Алкадировни кўпдан бери танир эди — бир муддат бирга ҳам ишлашган. Бир куни Урмат бир таниши билан Медиярни хонадонини гаровга қўйиб, кредит олиб бериб туришга кўндиради. Кредитни ўзлари тўлаймиз деб ваъда беришади.
«Мен истамаганман, аммо улар агар кредитни тўка олмай хонадон банкка ўтиб кетса, ўрнига Жунусалиев 99 манзилидан бир хонали квартира беришни ваъда қилишган», — дейди Токтомамбетов. Охирида у рози бўлган. Ўша куннинг ўзида улар янги квартирани сотиш бўйича дастлабки келишув тузишган.
Бир йилдан кейин банк кредитни тўламагани учун Мадияр гаровга қўйган хонадонни олиб қўйган. Мадияр уйни банкдан қайта сотиб олиш учун бўлиб тўланувчи кредит олган. Унинг айтишича, Урмат бўлиб тўлаш шартини ўзи бажариб, квартирани чиқараман деб ваъда берган. Аммо бир тийин ҳам бермаган.
Натижада Токтомамбетов Алкадировнинг устидан милицияга ариза ёзган. Ўшанда ҳам бир қизиқ жиҳат ошкор бўлган — кафолат қаторида Медиярга берган квартирани бунга қадар бошқа бир кишига сотиб юборишган. Уйнинг яшовчилари бу биринчи воқеа эмас, бир хонадонга бир неча киши эгалик қилган ягона ҳолат эмас деб айтишган.
Шу билан яшовчиларни “шок” қилган воқеалар тугамаган.
Эр-хотинлар Улан билан Гулзат янги уйдан беш квартира сотиб олишган. Уларнинг айримларини офис қатори ижарага беришади. «Моддий жиҳатдан хавфсиз яшаш учун камида 10 йил пул тўпладик. У пулни чет элда ишлаб юриб, тўплаганмиз», — дейди Улан.
Аммо 2018-йили эр-хотинлар ернинг эгаси мулкни «Росинбанк»ка (ҳозирги аталиши «Керемет банк») гаровга қўйганига бир йил бўлганини билишган.
«Банк улар билан битим тузиб, кредитни тўлай олмай қолса суднинг иштирокисиз ерни олиб қўямиз деган шарт қўйибди. Ўша вақтда уй турган. Одамлар яшаётган бўлган. Биз Урмат шундай ишлар билан шуғулланишини билмаганмиз», — дейди улар.
Турғунлар ўзбилармонлик билан қурилган кўп қаватли уй жойлашган ер участкасини банк қандай йўл билан гаров қатори ҳисоблаганини тушуна олмай келишади.
Охир-оқибатда, 2021-йилнинг июль ойида Мураталиеванинг ер участкаси банкнинг ҳисобига ўтган. Ернинг аввалги эгаси «фоизлари кўпайиб кетмаслиги учун» ерни ўз истаги билан банкка ўтказиб берганини айтиб, уни қайта сотиб оламан деб ваъда берган. «Керемет банк» эса бу бўйича ҳеч қандай изоҳ бермайди — бу банк, тижорий ва тергов сири деб айтишмоқда.
«Сизлар ҳеч ким эмассиз?»
Кузда уйнинг яшовчилари тўпланиб прокуратурага ариза ёзишган. Иш ўрнидан умуман жилмаган, аммо 31-мартда Алкадиров қўлга олиниб, ТИЗОга киргизилган.
Мурзалиева унинг қамалганини онасидан эшитган — Айнанинг айтишича Урмат Алкадировнинг онаси боласини озод қилиб олиш учун турғунлардан қарши ариза ёзиб беришни илтимос қилган. Улан эса унга Алкадировнинг адвокати қарши ариза ҳақида шама қилиб, бу яшовчиларнинг ўзига «фойдали» бўлади деб ишонтирган.
«Ҳужжатни қилиб беради деб кутганимга олти йил бўлди. Менга нима фойда? Энди ўтириб, ўйлансин. Биз унга қанча вақт бердик, қанча ваъдасини эшитдик. Ҳар куни ваъдасини эшитаётганимизга олти йил бўлди! Биз қарши ариза ёзиб бермаймиз», — деб норози бўлди у. Урматнинг адвокати иши кўп эканини айтиб, «Клооп»нинг мухбирига интервью беришдан бош тортди.
Ҳозир Алкадиров «Фирибгарлик» ҳамда «Ишончни хиёнат билан фойдаланиш йўли билан бировнинг мулкини эгаллаб олиш ёки мулк ҳуқуқига эга бўлиш» моддаси билан судланмоқда. Жиноят ишида 12 эпизод бор, унинг ичидан иккиси Жунусалиев кўчасидаги уйга алоқаси йўқ.
Аммо ҳозир суд давом этмоқда, уйнинг яшовчилари улар сотиб олган квартираларнинг тақдири нима бўлишини тушуна олишмаяпти. Айна терговчи билан суҳбатини шундай хотирлайди: «Биз ундан “Банкдан келиб бизни кўчага чиқариб юбормайдими?” деб сўрасак, у “Банк учун кимсизлар? Сизлар ҳеч ким эмассизлар. Сизларни танимайди, Урматни эса танишади. Агар суд Урматни бўшатса унда кўчада қоласизлар” деб айтди. Бизни хавотирга солгани ҳам шу. Энди суд қандай ҳукм қилади, номаълум».
Муаллиф: Бекмирза Исаков / «Ашар»
Муҳаррир: Дмитрий Мотинов / «Клооп»
Мақола «Ашар» жамоаси тарафидан тайёрланди. «Ашар» — бу Kloop Media фондининг, «Клооп» таҳририятига тегишли бўлмаган лойиҳаси.
«Ашар» одамларга ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ёрдам беради ва давлатдан ўз вазифасини бажаришни талаб қилишга ўргатади. Шу билан бирга, жамоатчиликдаги муҳим муаммоларни ҳал қилишнинг бошқа йўлларини топишга кўмаклашади. «Ашар» жамоаси мурожаат қилган одамларнинг муаммоларини ҳал қилишга ёрдам беради, ёритади, тегишли идоралардан жавоб олади, мурожаат ёзади ҳамда муаммонинг ижобий ҳал қилинишига ҳаракат қилади.
«Ашар»нинг жамоачи бир муаммони тўлиғи билан ҳал қилиш билан, келажакда шу каби бошқа муаммоларнинг ҳал бўлишини енгиллатишга интилади. Бу қисман ёки тўлиқ автоматлаштириш орқали амалга оширилади. Бунинг учун «Ашар» маълумотларни таҳлил қилиш усулларини, машина тарзида ўргатишни қўлланади, бундан ташқари махсус дастурий таъминот ишлаб чиқади.
«Ашар» хоҳлаган давлатга қарашли ёки нодавлат ташкилотлар, идоралар, шунингдек жисмоний шахслар билан ҳамкорликка тайёр.