16-июлда Ўш шаҳрида «Биринчи турар жой» кооперативининг етакчиси «товламачиликда» гумонланиб, қўлга олинди. Бу ҳақда Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасининг матбуот хизмати билдирди.
Маълумотга кўра, жорий йилнинг март ойидан бошлаб «Биринчи турар жой» кооперативига норози бўлган мижозлар милицияга ариза билан мурожаат қила бошлашган.
Шу сабабдан Ўш шаҳар ИИБи кооперативнинг уюштирувчиларига «товламачилик» ва «ишониб топширилган мулкни ноқонуний ўзлаштириш» фактлари билан иш қўзғаган. Тергов давомида келтирилган зарарнинг миқдори 18 миллион 188 минг 260 сом экани аниқланган.
Аввалроқ, 22-мартда «Биринчи турар жой кооперативи» ташкилотига норози бўлган ўн нафардан ортиқ турғун Ўш шаҳар ИИБ биносининг олдига митингга чиққан. Тўпланганлар Ўш, Боткен ва Жалолобод вилоятининг ҳудудларидан келганини айтишган.
Адлия вазирлигининг маълумотига кўра, «Биринчи турар жой» кооперативи 2017-йили рўйхатдан ўтган. Директори сифатида Бердияр Исматиллаев кўрсатилган. Асосчилари эса — Канибек Колдойконов, Асел Касимбекова, Жанарбек Сатикеев, Жанна Теркина, Бердияр Исматиллаев, Нургул Кошбакова ҳамда Николай Алещенко.
«Биринчи турар жой» кооперативи
Бунга қадар журналист Улукбек Карибек ўғли турар жой кооперативларнинг фаолиятидан жабрланганлар ҳақида суриштирув эълон қилган. У Ўш шаҳридаги «Биринчи турар жой кооперативига» алданиб қолганини айтган ўнлаган жабрланувчи билан интервью қилган.
Жабрланувчилар кооперативга тўловлар қилганига қарамай, йиллаб уйли бўла олмай, «Биринчи турар жой» кооперативи эса «банкрот» бўлганини айтаверишган.
Кооперативга пул тўкканлардан бири Ўш шаҳрида 60га яқин, Қирғизитсон бўйича эса 138 нафар жабрланувчи бор эканини таъкидлаган. Шунингдек у кооператив жабрланувчиларга 9 млн сомга яқин маблағни қайтаришдан бош тортаётганини айтган.
«Биринчи тураа жой» кооперативининг директори Бердияр Исматиллаев эса журналистларга телефон орқали интервью бериб, «пулини қайтариб олишни кўзлаганлар милицияга ариза ёзсин» деб айтган. У норози томон «прокуратура ёки судга мурожаат қилишга» ҳақли эканини таъкидлаган.
Айни вақтда, Исматиллаев келишувда «саккиз ойда уй олиб беришни ваъда қилиб, аммо йиллаб келишувни бажармай келгани» бўйича изоҳ беришдан бош тортган.