№26 колониянинг раҳбар ўринбосари маст аҳволда патрул хизматининг икки машинасини уриб кетди

Иссиқкўлнинг Қара-Ой қишлоғида маст аҳволдаги ҳайдовчи патрул хизматининг икки машинасини уриб кетди. Авария оқибатида уч патрул ходими жабрланди. Бу ҳақда ИИВнинг Йўл ҳаракатининг хавфсизлигини таъминлаш бошқармасидан билдиришди.

Маълумотга кўра, воқеа 17-июль куни эрта билан тахминан соат 7:00 да бўлган. Ижтимоий тармоқларда авариянинг видеоси эълон қилинди.

Видеодан катта тезликда келаётган қора рангдаги машина аввал қарши қисмга ўтиб, кейин йўл четидаги қатор бўлиб тўхтаб турган патрул хизматининг машинасига бориб урилганини кўриш мумкин.

Ўша куннинг ўзида патрул хизмати йўл ҳалокати бўйича тўлиқ маълумот бериб, йўл қоидасини бузган ҳайдовчи Молдовановкадаги № 26 колония етакчисининг ўринбосари эканини билдирди. Ҳайдовчи чиндан ҳам маст аҳволда бўлгани хабар қилинди.

Йўл ҳалокатлари

Қирғизистонда ҳар йили йўл-транспорт авариялари кўпаймоқда. Ички ишлар вазири Улан Ниязбеков Қирғизистонда 2017-йилдан 2021-йилга қадар йўл-транспорт аварияларидан 4006 киши ҳалок бўлганини билдирган. Унинг айтишича, тўрт йилнинг ичида 32 минг йўл-транспорт аварияси қайд этилиб, умумий 49 639 нафар киши турли жароҳатларни олган.

2021-йили мамлакатда 7 437 транспорт ҳалокатлари қайд этилган, бу 2020-йилдагига нисбатан 22,9%га кўп. Унда йўл-транспорт ҳодисаларидан 800дан ортиқ киши вафот этган.

CABAR.asia таҳлилий портали журналистларининг ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги 10 йилда аварияларда 10 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган.

«Йўл-транспорт ҳодисаларининг 95 % инсон омили сабаб, яъни ҳайдовчиларнинг қоидани бузиши ёки йўл ҳаракати қоидаларини билмаслиги сабаб бўлади. Қолаверса, уларнинг аксарияти йўлда ҳаракатланиш маданиятига риоя қилмайди», — деган ЙҲХТББ раҳбари Азамат Исроилов.

Президент Садир Жапаров 2022-йилнинг февралида ИИВга йўл-транспорт аварияларининг сонини 50%га камайтириш топшириғини берган.