МХДҚ: Криминал авторитет Чингиз Жумагулов қўлга олиниб, СИЗОга киритилди


Криминал авторитет Чингиз Жумагулов. Сурат: МХДҚнинг матбуот хизмати.

 «Чингиз дев»  лақаби билан танилган криминал авторитет Чингиз Жумагулов 15 июль куни Бишкек шаҳрида ҳибсга олинган эди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотга кўра, криминал авторитет  уюшган жиноий гуруҳ тузиб, хусусий тадбиркорлардан узоқ вақт давомида катта миқдордаги пул ундиришда гумон қилинмоқда.

Жумагулов МХДҚ тергов изоляторига жойлаштирилди.

Махсус хизмат Жумагуловнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан жабрланганлар 0312 640 475 рақамига мурожаат қилишлари мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

«Чингиз дев»ни қўлга олиш.

8 июл куни қатор нашрлар криминал авторитет  Чингиз Жумагулов ва МХДҚнинг «Альфа» махсус хизмати ўртасида отишма бўлгани ҳақида хабар берган эди. Уларнинг маълумотларига кўра, махсус кучлар жиноятчини қўлга олишга уринган, бироқ у қочиб кетган. Унда Жумагуловга ўқ теккани ҳам айтилган.

Эртаси куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Жумагуловни ҳибсга олишга уриниш ва отишма ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.

Бироқ махсус хизмат 8 июль куни Чуй вилояти ҳудудида уюшган жиноий гуруҳ аъзоларини қўлга олиш чоралари кўрилганини инкор этмади.

Шундан сўнг, ижтимоий тармоқларда МХДҚ  талабларига бўйсунмай, кетиб қолган автомобил ҳайдовчиси ва Жумагуловни ҳибсга олиш учун ИИВ томонидан берилган йўл-йўриқ кўрсатмаси сурати тарқалди. Ҳисоботда Жумагулов «Колбаевнинг уюшган жиноий гуруҳининг фаол аъзоси» сифатида кўрсатилган.

Бироқ, ИИВ вакили Тилек Оторов Жумагуловни ҳибсга олиш бўйича ҳеч қандай кўрсатма берилмаганини айтган. У ижтимоий тармоқларда тарқалган кўрсатма сурати «ҳеч қандай юридик кучга эга эмас» дея огоҳлантирган.

Жумагулов ва унга нисбатан қўзғалган жиноят ишлари

Чингиз Жумагулов «Камчи Колбаевнинг УКТ фаол аъзоси» сифатида танилган. Бироқ у жиноят олами ва Колбаев билан алоқаси борлиги ҳақидаги маълумотларни рад этди.  МХДҚ бошлиғи Камчибек Ташиев Колбаевни Қирғизистондаги «жиноят олами раҳбари» деб атаган.

«Дев Чингиз» 2017-йилда «Қотилликка суиқасд уюштириш» моддаси билан 18 йилга қамалган эди. Бироқ 2018 йил бошида суд Жумагуловни муддатидан аввал озод қилди.

2019 йилнинг апрель ойида эса Жумагулов бошқа шахслар билан бирга икки кишини шафқатсизларча калтаклаганликда гумонланиб ҳибсга олинган эди. Кейинроқ икки жабрланувчи олган жароҳатларидан вафот этган. Жароҳатланганлар ҳамда  қўлга олинганлар УКТ аъзолари эканлиги маълум қилинган.

2020-йил 19-июн куни Биринчи Май туман суди Жумагуловни «Ўзбошимчалик» моддаси бўйича айбдор деб топиб, беш йилга озодликдан маҳрум қилган. Аммо «Жиноятда шерик иштирокчиларнинг турлари» ва «Уюшган жиноий гуруҳ тузиш ёки унда иштирок этиш» моддалари бўйича оқланган.

2021-йил 12-июлда Жумагулов жазо муддатини тугатди ва қамоқдан чиқди. Жазони ижро этиш давлат хизмати унинг жазо муддатини ўтаб бўлганлиги сабабли суд қарори билан қонуний равишда озод этилганини маълум қилди.

Бундан ташқари, Жумагулов президент девони собиқ раҳбари Медет Садиркуловнинг ўлими билан боғлиқ ишда гумонланувчилардан бири бўлган.