Жалолобод вилоятининг Олабуқа туманида 5 ёшли қизчага нисбатан уятсиз-бузуқ хатти-ҳаракатлар содир этганликда гумонланиб, 40 ёшли шахс қўлга олиниб, вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига киритилди. Бу ҳақда Жалолобод ИИБ матбуот хизмати хабар берди.
Вилоят милиция хабарига кўра, Олабуқа туман ИИБга 14 июль куни қизнинг ота-онаси ариза билан мурожаат қилган. Ариза эгаси беш яшар қизига нисбатан бузуқи хатти-ҳаракатлар қилган шахсга нисбатан чора кўришни сўраган.
«13 июль куни соат 16:00 атрофида Осиё миллатига мансуб, тахминан 35-40 ёшлардаги эркак қизимни уйи ёнидаги дўконга олиб кирган. Дўкондан музқаймоқ ва ширинлик олиб бериб, яқин атрофдаги боғга олиб бориб, ифлос қилмишларини содир этган», —деган у.
Милиция мазкур ҳолат юзасидан «Уятсиз-бузуқ ҳаракатлар» моддаси билан иш қўзғатилиб, тегишли экспертизалар тайинланган. Тезкор-тергов ишлари давомида Олабуқа туманининг К.Н. исмли шахс ҳибсга олинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ўсмир қизга нисбатан номақбул ҳаракатлар
Жорий йилнинг 26 март куни Чуй вилоятининг Москва тумани Петровка қишлоғида 15 ёшли сотувчи қизга дўконга келган эркак жинсий аъзоларини кўрсатган. Ўсмир кузатув камералари борлиги ҳақида огоҳлантиргач, чиқиб кетди.
Қиз воқеа ҳақида оиласига хабар берган, улар зудлик билан милиция чақирган. Жабрланувчининг яқинлари чақирув асосида келган ҳуқуқ-тартибот идора ходимларини иш тафсилотларини эшитиб, уларнинг устидан «масхара қилиб кулишганини» таъкидлашган.
Кейинроқ милиция ушбу факт бўйича «16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этиш» моддаси бўйича жиноят иши қўзғаб, 14 апрель куни гумондор сифатида Ўш вилоятида яшовчи 35 ёшли фуқарони қўлга олди.
Бироқ Москва туман суди раиси Арстанбек Аскарбеков гумонланувчини ҳибсга олишдан бош тортган. Натижада 24 май куни жабрланувчининг опаси ўз синглисига жинсий аъзосини кўрсатган шахс уй қамоғига олинганидан норози бўлган.
Жогорку Кенешнинг 26 май куни бўлиб ўтган йиғилишида депутат Дастан Бекешев ҳам шу масалани кўтариб, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари фаолиятини танқид остига олди.
Кейинроқ гумонланувчини уй қамоғига чиқарган Арстанбек Аскарбеков туман суди раислигидан четлаштирилди. 31 май куни эса Чуй вилоят прокуратураси гумонланувчини Бишкекдаги СИЗО-1га икки ойга ҳибсга олди.
Июль ойи бошида Москва туман суди гумонланувчини 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш қарорини чиқариб, жабрланувчи фойдасига 50 минг сом товон пули тўлашга мажбурлаган.