15-июлда Бишкек шаҳар судининг судьялари матбуот анжуманида ногирон бўлган 13 ёшли қизни зўрланиши бўйича ишнинг қарорига тушунтириш берди.
13-июль куни шаҳар суди бу иш бўйича айбланган икки кишини айбдор деб топиб, «жиноят муддати ўтиб кетганидан» қамоқ жазосидан озод этиб, ҳар бирига 100 минг сомдан жарима солган.
Жабрланувчи томон адвокати судьялар бу ишни атайлаб 7 йилга чўзганини айтмоқда.
Суд нима дейди?
Матбуот анжуманида судьялар айбдорлар оқланди деб айтгани нотўғри эканлигини таъкидлашди. Судьялар айбдорлар судланганини, аммо жиноятнинг муддати эскириб кетганидан жазодан озод этилганини таъкидлашди.
Уларнинг маълумотига кўра, жиноят 9 йил аввал, 2013-йилнинг сентябрида бўлган. Жабрланган қизнинг онаси милицияга 2015-йилнинг июнь ойида мурожаат қилган. Сокулук туман ИИБи ушбу факт бўйича ўша йилнинг сентябрида жиноят ишини қўзғаган. Бу иш бўйича олти киши гумондор қатори ўтиб, аммо уларнинг фақат иккитасига айб қўйилган, чунки гумондорларнинг икки нафари 16 ёшда, қолганлари ёш— 14 ёшга тўлмаган эди.
Айбланган икки ўсмир, Бишкек шаҳар судининг маълумотига кўра, 2019-йилнинг апрель ойида 8 йилга, иккинчиси эса 8,5 йилга озодликдан маҳрум этилган. Ундан кейин мазкур ҳукм икки маротаба Олий судгача етиб, қайта кўриб чиқилган. 2022-йилнинг февраль ойида ушбу иш аппеляция тартибида кўриб чиқиш учун Бишкек шаҳар судига ўтган.
«Бишкек шаҳар судига иш фақат 2022-йилнинг март ойида келиб тушган. Судьялар ротацияси туфайли ишни кўриб чиқиш чўзилиб кетган, 13-июлда қарор чиққан. Айбдорлар айбдор деб топилган, аммо жиноий жавобгарликка тортиш учун жиноятнинг муддати эскириб кетганидан жазодан озод қилинган. Чунки жиноят содир этилганидан буён 9 йилдан ортиқ вақт ўтган», — деди судья Нурлан Кожомбердиев.
У бу каби ишларни эскириш муддати 15 йилни ташкил этишини, агар жиноят вояга етмаган шахс томонидан содир этилган бўлса, муддати икки баробарга қисқаришини қўшимча қилди.
Адвокат позицияси
Жабрланувчининг адвокати Чолпон Кудайбердиева иш судга ўтганидан кейин уни кўриб чиқиш жараёни чўзилиб, суд тергови фақат 2018-йили бошланганини айтди.
«Нимага чўзилиб кетди? Чўзилганини боиси, биринчидан адвокатлар келмай, бир вақт айбдорлар оғриб қолди. Шу вақт мобайнида судьяларни Америка қўшма штатларига ўқишга юборишган, шундан кейин таътилга кетишгани туфайли, кейин прокурорларнинг ҳисобот вақтига тўғри келиб қолди. 2018-йили биринчи жараён бошланган [...] Қиз бу вақтга келаётган, биз томондан ҳеч вақт тўхтаб қолмаган. 2019-йили 10-апрель куни ҳукм чиқди, болалар айбдор деб топилиб, суд залидан қамоққа олинди. Фақат бу ҳукмнинг бир ноқонуний қисми, май ойида уларга амнистия қўллаб, озод этиб юборган. Қонунда зўрлаш ишлари бўйича амнистия ҳеч қачон қўлланилмасин деган меъёр бор. Бу 2013-йили 7-июнда қонунга киритилган. Шунинг учун мен амнистия олиниб, маънавий зарарни ундириш бўйича аппеляция шикояти билан мурожаат қилганман. Чуй вилоят судида 2019-йили сентябрда ҳукм чиқди, тажовуз бўлмаган, қизни шантаж қилган, моддий ёрдамга муҳтож бўлганидан жинсий алоқага рози бўлган деб олти ойга озодликдан маҳрум этиб, суд залидан бўшатган. [...] Мен олий судга ариза ёзганман, квалификация нотўғри қўйилган деб қайта Чуй вилоят судига юборган. Унда 8 ой кўриб чиқилиб, терговни жонлантириш ҳақида қарор чиққан. Биз Чуй вилоят судига ишонмай, бошқа судга юборишни сўраб, Олий судга шикоят қилдик. Олий суд илтимосни қаноатлантириб, Бишкек шаҳар судига юборди», — деди у.
Адвокат зўравонликдан жабрланган қиз суд қарорига тўлиқ қаноатланмаганини, у айбдорлар озодликдан маҳрум этилишини хоҳлаётганини, лекин суд қарорига норози бўлиб, бундан кейин судлашувдан бош тортганини билдирди.