13-июлда Бишкек шаҳар суди жисмоний имконияти чекланган 13 ёшли қизни зўрлашда айбланган икки кишини айбдор деб топди. Бу ҳақда «Болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш лигаси»нинг етакчиси Назгул Турдубекова Фейсбук саҳифасида билдирди.
Аммо Турдубекованинг айтишича, айбдорлар «жиноятнинг муддати эскиргани сабаб» қамоқ жазосидан қутилиб кетган. Уларнинг ҳар биридан жабрланувчининг фойдасига маънавий зарар учун фақатгина юз минг сомдан товон ундирилган.
«Суд етти йилга чўзилган. Иш Соқулуқ, Чуй, Олий ва Бишкек шаҳар судларида кўрилган. Суд далиллар ва суд-тиббий экспертизанинг натижалари кўрсатилганига қарамай кечиктирилган. Бу жиноятчилар жазодан қутилиб кетиши учун атайлаб қилинган деб ҳисоблайман», — деб ёзди Турдубекова.
Беш ҳамқишлоғи тарафидан зўрланган қизнинг иши 2015-йилнинг майида қўзғалиб, 7 йилга чўзилган.