Молия вазири Қирғизистон кредитларни фақат ривожланиш учун олишини айтди

321

Молия вазири Алмаз Бакетаев Economist.kg молиявий нашрига батафсил интервю берди. Айни дамда энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири бўлган ташқи қарз масаласига ҳам тўхталиб ўтди.

Унга кўра, энди давлат ўз эҳтиёжларини ўзи таъминлай олади ва «ташқи қарзларини фақат ривожланиш учун олишга ўтди».

«Бугунги кунда давлат хизматчиларига иш ҳақи, нафақа ва пенсияларни биз ўзимизнинг барқарор ички манбаларимиз, солиқ ва солиқдан ташқари тушумлар ҳисобидан тўлаяпмиз. Ривожланиш давом этмоқда, лекин йирик қурилишлар учун маблағ етишмаяпти, шунинг учун биз ташқаридан қарз олишга мажбурмиз», — деди вазир.

Шу билан бирга, вазир кредитга олинаётган лойиҳаларнинг аксарияти «қайтариладиган» эканлигини таъкидлади. Масалан, вазир икки соҳа – энергетика ва инфратузилмани мисол қилиб келтирди – бу икки тармоқ ташқи қарзларнинг қарийб 60 фоизини ташкил қилади.

«Масалан, биз энергетика соҳасини маблағ билан қайтариладиган асосда таъминлаймиз. Йўл тармоғидан тўғридан-тўғри даромад кутмаймиз, лекин билвосита, аниқроғи, йўл тармоғини ривожлантириш жараёнида йўлга яқин ҳудудлар ва инфратузилмалар ривожланади, юк оқими ва солиқ тушумлари ошади – мултипликатор эффекти ишлайди», — деди у.

Молия вазирлигининг 2020-йил 30-апрел ҳолатига кўра, давлат қарзи 5 миллиард 92 миллион долларни ташкил этади. Шундан 901 миллион доллари ички қарз, 4 миллиард 191 миллион доллари эса ташқи қарздир.