Қочқин президент Қурманбек Бакиев «Жанги-Ордо» газетасига интервью бериб, 2010-йилдаги давлат тўнтариши ортида Россия бўлиши мумкин деган фикрини билдирди.
Журналист савол бераётиб дипломат Бакит Бешимовнинг «Бакиевнинг ҳукуматини оддий халқ билан Владимир Путин қулатган!» деб айтган сўзини такрорлаган. Шунингдек, у айрим қирғизистонликлар 2010-йилдаги тўнтаришнинг ортида Россия туради деган фикрда эканини таъкидлаган.
Бакиев эса журналистнинг саволига бу маълумот «ҳақиқатга яқин» деб жавоб берган.
Бакиевнинг тахтдан қулатилиши
Қурманбек Бакиев 2005-йил март инқилобида ўша вақтдаги президент Ақар Ақаев тахтдан қулатилгандан кейин ҳокимиятга келган.
Бакиев бошқариб турган давр сиёсий асосда одам ўлдириш, ўғли Максимнинг рейдерлик иши, авторитаризм, журналистларни қўрқитиш ва ўлдиришлар билан маълум.
2010-йилнинг 7-апрелида 87 киши ҳалок бўлган халқ революциясининг натижасида Бакиев тахтдан қулатилган. Унинг ўрнига ҳокимиятга Роза Отунбаева бош бўлган муваққат ҳукумат келган. Бакиев эса оиласи билан Белорусияга қочиб, ҳозиргача ўша ерда яшаб, фуқаролик олган.
2016-йили суд қочқин президент Қурманбек Бакиевни апрель инқилоби бўйича сиртдан 30 йилга озодликдан маҳрум қилиб, қидирув эълон қилган. Укаси Жаниш Бакиев сиртдан умрбод озодликдан маҳрум қилинган бўлса, ўғли Максим мулкини мусодара қилиш билан сиртдан 25 йилга кесилган.