Бишкек — Ўш автомобиль йўлидаги авариядан икки киши ҳалок бўлди

272

Сусамир водийсидаги Бишкек — Ўш автомобиль йўлининг 171-километрида авария қайд этилиб, икки киши ҳалок бўлди. Яна уч нафар кичик ёшдаги бола турли жароҳат олиб, касалхонага етказилди. Бу ҳақда ИИВнинг Йўл ҳаракатининг хавфсизлигини таъминлаш бошқармасининг матбуот хизмати билдирди.

Идоранинг маълумотига кўра, «Деу-Некция» русумидаги машинанинг ҳайдовчиси Лайлакнинг жанубидан шимолга қараб бораётиб, рулни бошқара олмай ағдарилиб кетган.

Авария оқибатида 39 ёшдаги ҳайдовчи ва 58 ёшдаги аёл воқеа жойида ҳалок бўлган. Машинанинг ичида 14 ва 11 ёшдаги икки ўспирим ва уч ёшдаги бола Бишкек шаҳар №3 болалар касалхонасига етказилган.

AKIpress ахборот агентлиги вафот этган фуқаролар ёш болаларнинг отаси ва бувиси бўлганини ёзди. Улар Лайлак туманидан келаётиб аварияга учраган.

Жорий йилнинг 7 июлида Иссиқкўл вилоятидаги Балиқчи — Ананево — Қоракўл авто йўлида «Хонда Адиссей» ва «Таёта Эстима» русумидаги машиналар тўқнашган. Авария оқибатида 7 ёшдаги бола билан 69 ёшли киши ҳалок бўлган. Яна 12 киши касалхонага етказилган.

Бишкек — Ўш автомобиль йўлида жорий йилнинг тўрт ойининг ўзида 74 йўл ҳалокати қайд этилиб, унинг оқибатида 12 киши вафот этди.

2021 йилнинг 11 ойида эса мамлакатда йўл ҳалокатидан 780 киши вафот этиб, 10 мингдан ортиқ киши жабрланган.