8-июлда ижтимоий тармоқларда «Дев Чингиз» лақаби билан танилган криминал авторитет Чингиз Жумагуловни қўлга олиш ҳаракати ва отишма бўлгани ҳақида маълумотлар эълон қилинди. Воқеа Бишкекнинг четидаги Кўкжар қишлоғида бўлгани, унда Жумагуловга ўқ тегиб, қочиб кетгани хабар қилинди.
«Кактус Медиа» нашри “криминал авторитет”ни МХДҚнинг «Альфа» махсус хизмати қўлга олишга ҳаракат қилганини ёзиб, видео кузатув камерасига тушиб қолган қўлга олиш вақтидаги лавҳани эълон қилди.
Видеодан «Мерседес-Бенц Спринтер» русумидаги кичик автобус «Гелендваген»нинг олдини тўсиб, ичидан спецназлар чиққанини кўриш мумкин. Аммо енгил автомобил кичик автобусни айланиб ўтиб, қочиб кетишга улгурган.
9-июлда эса Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси баёнот тарқатиб, Чингиз Жумагуловни қўлга олиш ҳаракати ва отишма ҳақидаги маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди деб таъкидлашди.
«МХДҚ оммавий ахборот воситаларининг вакилларини ёлғон ва аниқланмаган маълумотларни тарқатмасликка чақиради. Айни вақтда, ижтимоий тармоқлардаги гуруҳларнинг эгаларини маълумотни синчиклаб текшириб, жамоатчиликни чалғитмасликка чақиради», — деб ёзилади билдирувда.
Аммо МХДҚдан 8-июлда Чуй вилоятининг ҳудудида уюшган жиноий гуруҳнинг аъзоларини қўлга олиш бўйича тезкор-тергов тадбирлари ўтказилганини айтишди.
Махсус хизмат уюшган жиноий гуруҳнинг аъзоларини қўлга олиш ишлари аввал қўзғалган жиноий иш асносида олиб борилаётганини қўшимча қилишди.
Жумагуловга қўзғалган жиноят ишлари
Жумагулов 2019-йили апрелда бошқа одамлар билан бирга икки кишини аёвсиз калтаклашда гумонланиб қўлга олинган. Кейин жабрланган икки киши олган жароҳатлари сабаб вафот этган. Жабрланганлар билан қўлга олинганлар УЖГ аъзолари бўлгани хабар қилинган.
2020-йилнинг 19-июнида Биринчи май туман суди Жумагуловни «Безорилик» моддаси билан айбдор деб топиб, беш йилга озодликдан маҳрум қилган. «Жиноятга шерикларнинг турлари» ва «Уюшган жиноий гуруҳ тузиў ёки унга қатнашиш» моддалари бўйича оқлаган.
Шунингдек, Жумагулов билан бирга айбланувчилар — Марсбек Тентиев ва Ильяс Айдакеев — барча моддалар бўйича айбдор деб топилиб, 190 минг сом миқдорида жарима тўлаб, 13 йилга озодликдан ажратилган.
2021-йилнинг 12-июлида Жумагулов қамоқдан чиққан Жумагулов жазо муддати тугаб, қамоқдан чиққан. Жазони ижро қилиш давлат хизмати у жазо муддатини ўтаб бўлгани сабаб суд қарори билан қонуний бўшатилганини билдирган.
«Дев Чингиз» бунгача ҳам «Одам ўлдириш ҳаракатини уюштириш» моддаси билан 18 йилга кесилган. Аммо 2018-йилнинг бошида суд Жумагуловни тегишли муддатдан аввал бўшатган.
Шунингдек, Жумагуловни «Қамчи Колбаевнинг УЖГнинг фаол аъзоси» деб айтишади. Аммо у жиноят олами ва Колбаев билан алоқаси бўлганини инкор қилган. Бундан ташқари, Жумагулов президент аппаратининг собиқ етакчиси Медет Садиркуловни ўлдириш бўйича гумонланувчилардан бири бўлган.