«Тайм-аут олдим, аммо ортга қайтмайман». Акилбек Жапаров мажбурий НКМ ўрнатиш ҳақида

234

Вазирлар маҳкамасининг раиси Акилбек Жапаров 5 июлда баъзи журналистлар ва блогерлар билан пойтахтдаги «Дасмия» ресторанида норасмий учрашди.

Учрашувда журналистлар билан блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларни беришга имкон бўлди.

Жамоат арбоби Элнура Алканова баъзи тадбиркорлар назорат -касса машина (НКМ) ўрнатишдан озод этилиб, бир қисми бўшатилмаганига норози эканини билдирди. Унинг фикрига кўра, бу баъзи солиқ тўловчиларга нисбатан адолатсиз муносабат бўлмоқда.

«Менимча сиз сўнги марта намойишчилар билан учрашганда уч қадам ортга чекиндингиз деб ҳисоблайман. Мен фуқаро қатори ушбу қадамни қўллаб-қувватламайман. Митинг иштирокчилари — бозордаги сотувчилар билан тикувчилик тармоғи ишлаб чиқарувчилар, улар яхши топади, бойишмоқда. Улар солиқ тўлашдан қочмоқда. Лексус билан юрганлар, маршрутка билан келиб митинг ўтказишмоқда», — дея билдирди Алканова.

Жапаров бу масалани вақтинча тўхтатиб турганини, аммо ортга чекинмаслигини билдирди.

«Мен тайм-аут олдим. Аммо ортга чекинмайман. Пайшанба куни [7 июлда] Ҳукумат уйи олдида тўпланганлар билан якунловчи учрашув бўлади. Уларнинг ҳам ўзларининг сабаблари бор. Биз мажбурий тарзда НКМ ўрнатиш масаласини вақтинча тўхтатдик. Ҳар кимнинг ўз эрки билан бўлади, биз тақиқлай олмаймиз. Шунингдек жаримада ҳам тайм-аут олдик. Жарима ҳақиқатдан ҳам катта эди. Йил якунигача бундай йирик кўламда эмас, савдонинг миқдорига яраша жарима солиб турайлик деб ўйлаяпмиз. Яна тузатишлар киритилади, аммо ҳаммаси мантиқий натижага етадигандай қилиб охирига чиқарамиз», — деди вазирлар маҳкамаси раиси.

Жапаров акциз товарлар гуруҳи тўлиқ солиқ тўлайди, «ҳеч ким эркалай олмайди» деди.

«Ким тамаки, алкоголь ёки олтин сотса… Олтиндан ясалган заргарлик буюмларини сотган савдогарлар ҳам митингга чиқишни хоҳлашганда уларга чиқиб учраша олмай қолдим. Агар алкоголь сотган магнатлар эсига келмаса, ароқ-шароб маҳсулотига монополия киритамиз. Мен бундан қўрқмайман», — деди ҳукумат раҳбари.

НКМ, митинглар ва вазирлар маҳкамасининг хавотири

Қирғизистонда 2021 йилнинг декабрь ойидан тадбиркорлар НКМ ўрнатишга қарши тез-тез намойишлар ўтказиб келади.

Ҳаммаси президент Садир Жапаров 2021 йилнинг декабрь ойидаги фармонидан кейин бошланган. Фармонда бир йиллик товар айланмаси 8 млн сомдан ортмаган тадбиркорлар солиқдан озод этилиб, аммо НКМ аппаратларидан фойдаланиш вазифаси юкланган.

2021 йилнинг 22-23 декабрида ҳукуматнинг НКМни мажбурий турда киритиш ташаббусига қарши норозилик намойишига «Таатан» бозори савдогарлари чиққан. Улар «ортиқча қоғоз тўлдириш ва бухгалтерия ишларга» вақт сарфлашни хоҳламаслигини айтишган. Савдогарлар шунингдек, онлайн-НКМларда техник хатолар бўлаётганини қўшимча қилишган.

Тўқмоқдаги савдогарлар бозорларда ора кунда электр энергияси ўчишини, агар биронта харидор чек ололмай қолса жарима солинишини таъкидлашган.

Январда мамлакатнинг биринчи одами бозорларда тушунтириш ишларини олиб борган. 2022 йилнинг 12 январида вазирлар маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров «Дордой» бозорининг савдогарлари билан учрашган.

Дордой ва Ўш бозорига президент Садир Жапаров ҳам борган. Унда у савдогарларга тушунтириш ишларини олиб бориш етарли бўлмаслигини таъкидлаган.

Норозилик намойишлари июнь ойида қайта жонланган. Унда Ўш шаҳридаги тадбиркорлар шаҳар мерияси олдида митингга чиққан. Улар НКМ қўллаш талаби йўқ қилиниб, патент билан фаолият юритишни давом эттиришни хоҳлашини айтишган.

Навбатдаги намойиш 13 июнда Бишкекда, Ҳукумат уйи олдида ўтган. Унда норозилик акциясига 200га яқин тадбиркор қатнашган.

Кейинроқ Акилбек Жапаров тадбиркорлар билан учрашувга чиқиб, НКМ ўрнатишга мораторий киритишни ва мамлакатнинг турли ҳудудидан келган 10 тадбиркордан иборат ишчи гуруҳини тузиш топшириғини билдирган.

Мазкур комиссиянинг биринчи мажлиси 26 июнда ўтган. Унда оила аъзолари билан биргаликда йиллик даромади 8 млн сомга етмаган кичик ва ўрта бизнес вакиллари солиқдан озод этилиш қарорини қабул қилган.