Вазирлар маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров икки нафар милиция ходими томонидан жинсий зўравонликка учраган ўқувчи қиз бўйича ҳам фикр билдирди. Ҳозир иш судда кўрилмоқда, аммо қизнинг ота-онаси милиция ходимлари жазодан қутилиб кетади деб хавфсирамоқда.
«Милицияларнинг орасида ҳам шунга ўхшаш ҳайвонлари бўлар экан. Мен «ўлим жазосини олиб қўяйлик, демократик давлат бўламиз» деганда Аскар Акаевичга махсус хат ёзиб мурожаат қилгандим. Бундай нарсаларни кечириш мумкин эмас. Кеча бош прокурор, Олий суд раиси ва куч структуралари билан ҳам шу масала бўйича ўзимизнинг тадбирлар, механизмларни амалга оширдик. Мана сизлар икки ҳайвон милиция ходимлари ҳақида айтмоқдасизлар, бунга гап йўқ, аммо шу билан бирга бир милиция ходими куйган жойда, биттаси чўкаётган жойидан қутқариб чиқди. Энди орасида бўлар экан, лекин биз буларга чора кўрамиз», — деди Жапаров 5 июлдаги норасмий учрашувда.
Унинг сўзларига кўра, ички ишлар вазирлигида ислоҳот олиб борилмоқда — у ушбу воқеа бўйича ички ишлар вазири Улан Ниязбеков билан алоҳида учрашишга ваъда берди.
«Қўлидан келган ҳаракатларни кўрмоқда. Йил охиригача 2400 участкада, 2400 участка нозири бўлади. Бишкек билан Ўшни ёпиб бўлдик. Участка нозирларига биз махсус планшетларни олиб бериб, ўзининг участкаларида, яхши-ёмонни, ёмон воқеаларни назорат қилишга имконият яратдик. Ислоҳот йил охиригача боради. Ҳозир СИЗОларга камералар қўйилди, бугунги кунда бутун туман ИИБ, марказий аппарат ҳам назорат қилмоқда», — деди Жапаров.
Шунингдек, вазирлар маҳкамаси раиси ОАВдаги «совуқ хабарлар» Қирғизистондаги туризмга салбий таъсир кўрсатаётганини айтди—чунки бундай вазиятларда сайёҳлар бошқа давлатларни танлаб кетмоқда. «Совуқ хабар» деб Жапаров 13 ёшдаги қизнинг зўрлангани ҳақидаги янгиликни мисол келтирди.
Бунгача вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари Эдил Байсалов баъзи ОАВни «ҳар куни ва ҳар соатда» бутун Қирғизистонни «стрессга тушириб, ахборот террори» қилмоқда деб айблаган. У твиттер саҳифасида ўсмир қизнинг тажовузга учраши бўйича маълумотга «буни ёзиб, қайғуни тарғиб қилишнинг нима ҳожати бор?» деган изоҳ ёзиб, ўйланиб ўтирган смайлик ҳам қўйган эди. Байсаловнинг ёзгани ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг норозилигига сабабчи бўлган.
Мактаб ўқувчисини милиция ходимлари бир йилга яқин зўрлаб юргани жамиятнинг Қирғизистондаги қизлар билан аёлларнинг хавфсизилигини таъминлаш талабини яна бир марта қўзғади. Ҳатто, фаоллар ИИВ олдида намойишга чиқиб, қизларга ва аёлларга нисбатан зўравонликни тўхтатишни талаб қилишди.
13 ёшдаги қизнинг зўрланиши
Февраль ойи охирида 13 ёшдаги қизга тажовузда гумонланиб, икки милиция ходими қўлга олинган. Бу ишда жами тўрт нафар киши айбланмоқда. Бир кун аввал ОАВда бу ишнинг тарихи чиқиб, қиз деярли олти ой давомида жинсий зўравонликка учраб келгани аниқ бўлди
Ҳозирда икки милиция ходими ва «Дордой» бозорида ишлаган қоровул суд жавобгарлигига тортилиши мумкин. Шунингдек ўқувчи қизни зўрлашда гумонланган официант йигитга нисбатан қўзғалган иш текширилиб, ишнинг материаллари судга ўтказилган. Қизнинг яқинлари гумондор милиция ходимлари жавобгарликдан қутилиб кетиши мумкин деб хавотир олишмоқда.