Temirov Live: Милиция олиб кетган ноутбукларда номаълум одамнинг «изи» қолган

330

Temirov Live таҳририяти журналистлари Ютуб каналига навбатдаги видеони эълон қилди. Унда улар ноутбукларини номаълум кимсалар «ковлашган»ини айтишган. Мазкур ноутбукларни 22 январда Тemirov Liveʼ идорасидан тинтув вақтида милиция ходимлари олиб кетишган. Кейин, 1 июлда Бишкекнинг Биринчи май туман суди қароридан сўнг қайтариб беришган.

Ноутбукдаги бегона шахснинг «изларини» журналистлар компьютердаги ҳар бир ҳаракатни ёзиб қоладиган Windows воқеалари журналидан аниқлашган. Масалан унда компьютер қачон ўчирилиб, қачон ёқилгани тўғрисида ахборотлар сақланади.

Windows воқеалари журналида 2 мартгача ёзувлар ўчирилган. Мухбирлар бу «изни яшириш» учун ясалган деб тахмин қилишмоқда.

«МХДҚ бўладими, ИИМ бўладими IT-мутахассис бир оз адашибди. Ҳаммасини ўчирди, аммо «изи» [қолибди], мен масалан IT-мутахассиси, ақлли компьютерчи эмасман, аммо ўзим топиб олдим. Оддий сўз билан тушунтирганда, [компьютерга] бошқа бировлар кириб, ўзингиз ҳам кириб, бирон нарсани нотўғри қилсангиз, ўша хатони кейин интернетга кирганда виндоусга юборади [...] Шуни очсак, IT-мутахассислари ҳисобга олмай, ёзувларни қолдириб қўйибди», — деди суриштирувчи журналист Болот Темиров.

Файллардаги ёзувларга кўра, 24 январь кечқурун Temirov Live'нинг мухбирлари ноутбугига кимдир биров кирган, аниқроқ айтганда тинтув ва техник воситаларни конфискация қилганидан икки кун ўтганидан кейин бўлган.

«Ажабланарлиси, IT-мутахассислари 24 январда бизнинг компьютерларни очиб, ичидаги баъзи материалларни ўчиришган. Қонунга кўра, муҳрланган, қадоқланган техникаларни суд рухсатисиз очишга ҳуқуқлари йўқ эди. Бундан ташқари ўша кунлари бизнинг компьютердаги маълумотлар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Қизиғи шундаки терговчи Камалов фақат 28 январда ноутбук, компьютерларни текширишга рухсат олган. Техникалардаги маълумотларни эса фейк-тролллар орқали интернетга чиқаришди. Ижтимоий тармоқларда қўлларидан келганича бизнинг жамоага туҳмат қилиб, ёмонлаб турди», — деди журналист Сайпидин Султаналиев.

Temirov Live'га нисбатан босим

20 январда Temirov Live давлат ишхонаси орқали мазут сотиб 30 млн сомдан ортиқ фойда топган МХДҚ раиси Камчибек Ташиевнинг қариндошлари ҳақида суриштирув эълон қилган.

Бир неча кундан сўнг, 22 январда милиция Temirov Liveʼ асосчиси Болот Темировни ва унинг ҳамкасбларини, тўкма оқин Болот Назаровни қўлга олган. Улар қўлга олинган вақтда чўнтагидан гиёҳванд модда топилгани ҳақида хабар тарқаган .

Темиров халтани унга «солиб қўйгани»ни айтган. Унинг сийдик ва қонидан олинган ташхисда гиёҳванд модда йўқ деган натижа кўрсатган. Эртаси куни суриштирувчи журналист Болот Темиров билан тўкма оқин Болот Назаров ҳеч қаерга кетмаслик тилхати билан уй қамоғига чиқарилган.

Милиция ходимлари Temirov Liveʼ идорасидан техникаларни олиб чиқишмоқда. Сурат: Дмитрий Мотинов / Kloop.

Бу орада интернетда Temirov Liveʼ мухбирларига ғазаблантирган ва уларни камситган видеолар пайдо бўлган. Видеоларнинг бирида Болот Темировни жиноятчи, давлатга хиёнат қилган дейишган. Баъзи видеоларда конфискацияланган компьютерлардаги лойиҳаларнинг ҳисоботларини, шартнома ва ҳужжатлардан фойдаланишган. Темировни чет эллик агент қатори кўрсатишга ҳаракат қилишган.