Вазирлар маҳкамасининг раиси Акилбек Жапаров Ўш ва Бишкек халқаро аэропортини ташқи бошқарувга чет эл компаниясига бериш билан бир йиллик даромадини икки хиссага кўпайтириш мумкинлигини билдирди. У стратегик икки объектни YDA INŞAAT турк компаниясига ўтказиб бериш бўйича муҳокамалардан шундай баёнот берди.
Аэропортларни ташқи бошқарувга бериш
Вазирлар маҳкамаси Бишкек ва Ўш аэропортини турк компанияга 39 йилга ташқи бошқарувга беришни режалаштираётгани ҳақида 29 июнда аниқ бўлган.
Унда Жогорку Кенешнинг мажлисида Акилбек Жапаров давлат-хусусий шериклик (ДХШ) орқали лойиҳаларни амалга ошириб, аэропортни модернизация қилиш режа қилинаётганини айтган.
Унинг сўзларига кўра, Туркиянинг YDA INŞAAT компанияси икки йилда 450-501 млн доллар жалб қилиб, учиб-қўнувчи майдон, янги аэровокзал ва юк терминалини қуришни ваъда қилган. Жапаров Қирғизистон аэропортлари 50/50 тизими билан бошқаришни таклиф этган, сўзлашувлар якунига чиқмаганини билдирган.
Вазирлар маҳкамаси аэропортларни чет эл компанияга ташқи бошқарувга бериш режаси парламентда ва жамоатчиликда қизғин баҳсларга сабаб бўлди. Депутат Жанар Акаев фикрига кўра, Бишкек ва Ўш аэропортини хорижлик номаълум компанияга бериш Қирғизистон манфаатларига тўғри келмайди. Акаев бу масала бўйича ошкор танлов эълон қилиши кераклигини таъкидлаган.
Жапаровнинг изоҳи
Бироқ Акилбек Жапаров «Кабар» давлат ахборот агентлигига берган интервьюсида қирғизистонликларни лойиҳа мамлакатга «катта фойда» олиб келади деб ишонтирган.
«Масалан, бугунги кунда аэропортимизга ҳар куни 16 самолёт қўниб-учаётган бўлса, икки йилдан сўнг 160 самолёт қўниб-уча бошлайди. Энг сўнги русумдаги янги учиб-қўнувчи майдон қурилади. Туманга қарамай, самолётлар қўниб-учаверади. Ҳозирги учиб-қўниш майдонимизга озгина туман тушса самолёт қўна олмайди. Олмаотага бориб қўнишмоқда. Бундан ташқари, юк ташувчи терминал қурилади. Ҳар йили юз минг тоннадан ортиқ юклар бизнинг аэропортлар орқали ўтиб туради», — деган у.
Жапаров аэропортга 100% эгалик қилган вақтда Қирғизистон ҳар йили 4 млрд сом даромад топишини айтган. Аммо 50% эгалик қилганидан кейин икки йилдан сўнг даромад 8 млдр сомга ўсишини таъкидлаган.
«Ҳар икки аэропортимиз тенг — «Манас» билан «Ўш» хаб бўлиб фаолият юрита бошлайди. Самолётларнинг учиб-қўниши кўпаяди. Нима учун икки йилдан кейин десангизлар, биз «икки йилда якунлаб, ишга киритсангизлар» деган талабни инвесторларнинг олдига қўймоқдамиз. «Агар икки йилда битказмасангизлар унда шартномани йўқ қилиб, ундан кейин ўзимиз давом эттирамиз. Солган маблағинглар куйиб кетади, қайтармаймиз» деган шартнома тузайлик деяпмиз», — деди вазирлар маҳкамаси раиси.
Жапаров шунингдек вазирлар маҳкамаси дастлаб 29 йиллик шартномани имзолашни ният қилганини, аммо турк компанияси «етарли фойда олиш» учун 39 йилга узайтиришни тавсия этганини таъкидлаган.
«Қайси сармоядор қайси тармоққа сармоя солмасин, икки- уч ҳисса фойда кўришни мўлжаллайди. Ҳамма сармоядорлар ҳам шундай. Шунинг учун ҳозир биз ҳам 29 йилга шартнома тузсак, улар солган инвестицияларининг устига қанча фоиз фойда топишини санаб, ҳисоблаяпмиз. Агар бу муддатда, улар айтгандай, ҳақиқатдан ҳам фойда топиша олмай қолса, унда муддатидан яна озгина узайтиришга рози бўламиз», — деган вазирлар маҳкамаси раиси.
YDA INŞAAT компанияси ҳақида
YDA INŞAAT компаниясига Туркияда 1993 йили асос солинган. Ишхона қурилиш, аэропортларни бошқариш, ишлаб чиқариш объектларни, йўлларни ва кўприкларни қуриш билан шуғулланади.
«Азаттык» таҳририяти компания Туркия, Қозоғистон, Россия, Саудия Арабистони, Афғонистон ва Ироқ каби давлатларда лойиҳаларини амалга оширганини ёзди. Лойиҳалар орасида шифохона ва йўлларни қуриш лойиҳалари ҳам мавжуд.
Temirov Liveʼ журналистларининг маълумотига кўра, ҳар куни беш авиақатнов уюштирган Қозоғистондаги Туркистон аэропортини бошқаради. Шунингдек YDA INŞAAT ҳар куни 70 самолёт учган Туркиянинг Даламан шаҳридаги аэропортларини бошқаради.