Аёллар ва қизларга нисбатан зўравонликнинг кучайиши. Фаоллар Садир Жапаров билан шошилинч йиғилиш ўтказишни сўрамоқда

335

Фуқаровий фаоллари ва хотин-қизлар ташкилотларининг вакиллари президент Садир Жапаровга аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари кучайиб бораётганига эътибор қаратишни сўраб мурожаат йўллади. Бу ҳақда Инқироз марказлари уюшмасининг директори Тўлқун Тюлекова маълум қилди.

«Ҳозирги қийин вазият сизнинг шахсий аралашувингизни талаб қилади, энди кечиктириш ва кутиш мумкин эмас. Фавқулодда йиғилиш ўтказишни сўраймиз», — дейди фаоллар президентга йўллаган мурожаатида.

Мурожаатда фаоллар ҳуқуқ-тартибот ва суд-ҳуқуқ тизимларида хотин-қизларнинг конституциявий ҳуқуқлари тизимли равишда поймол этилаётганига ҳам президент эътибор қаратишини таклиф қилган. Шунингдек, улар зудлик билан қонунчиликка оид чора-тадбирлар тўпламини ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилишни, шунингдек гендер масалалари бўйича президентнинг маслаҳатчиси институтини жорий этишни сўрамоқда.

Фаоллар президентни аёллар ва қизларга нисбатан зўравонликка қарши кураш устуворлигини эълон қилишга, зўрлаганлар учун жазо муқаррарлигини таъминлашга чақирди.

«Қирғизистон халқи мамлакатда амалга оширилаётган ўзгаришлар аёлларга нисбатан зўравонликка чек қўйиши, сиз амалга ошираётган жиноят-процессуал ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари уларнинг адолатли судловдан тўсқинликсиз фойдаланишнинг таъминлашига ишонч ва умид билан сизни сайлади. Бироқ аёллар ва қизларга нисбатан зўравонлик давом этиб, тобора шафқатсиз, ғайриинсоний кўринишларга эга бўлмоқда», — дейилади мурожаатда.

Фаолларнинг таъкидлашича, ҳар куни аёллар ва қизларни ўлдириш, зўравонлик, калтаклаш, ўғирлаш ва мажбуран турмушга бериш ҳолатлари қайд этилмоқда. Мурожаат қилганларга кўра, зўрланган аёллар 8 йилдан бери суд эшигини тақиллатиб келади, зўрлаганлар, қотиллар эса муносиб жазо олмайдилар.

Улар 2021 йилда зўрлаш ҳолатларининг 75 фоизи, мажбурий никоҳ учун ўғирлашнинг 94 фоизи ва оиладаги зўравонлик жиноятларининг 90 фоизи тўхтатилгани бўйича маълумотларни келтиришган.

«Сиз давлат раҳбари қатори ваколатларингизни, сиёсий эркингизни тўлақонли кўрсатасиз ва бўлаётганларга нисбатан давлатнинг беэътибор қарашига йўл бермайсиз деб умид қиламиз», — деган тилагини билдиришди фаоллар.

Шунингдек, зўравонликка учраган аёллар ўз ҳаётий салоҳиятини рўёбга чиқариш, жамият ривожига ҳисса қўшиш имкониятидан маҳрум бўлаётганини таъкидладилар. Фаолларнинг фикрича, бундан нафақат улар, балки уларнинг оилалари, давлат ва бутун жамият зарар кўрмоқда.

Аёлларга нисбатан зўравонлик

Қирғизистон дунёдаги аёлларнинг тинчлиги ва хавфсизлиги бўйича глобал индексда (WPS Index) Марказий Осиё давлатларининг ичидан энг хавфли ўлка деб ҳисобланади. Мазкур индексда Қирғизистон аёлларнинг вазияти баҳоланган 170 давлатнинг ичидан 97-ўринни эгаллаган.

Қирғизистонда аёллар турмуш ўртоғининг, бирга яшаган одамининг, собиқ эрининг ва таниш бўлиб юрган эркак кишининг қўлидан вафот этиш воқеалари ҳар йили ўнлаб қайд этилади. Халқаро тажрибада бу фемицид деб аталади.

*Фемицид— одатда эркакларнинг аёлларни ёмон кўрганидан, гендер жиҳатдан таҳқирлаш натижасида ҳамда ё давлат гендер зўравонликка билиб туриб кўз юмиши ортидан ўлдирилиши.