4 июлда Иссиқкўл вилоятининг Балиқчи-Ананево-Қоракўл автомобиль йўлида Honda Odyssey ва Toyota Estima автомобиллари тўқнашиб кетди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Вазирлик маълумотларига кўра, ҳодиса оқибатида икки киши ҳалок бўлган, 14 киши жароҳатланган.
Матбуот хизматининг аниқлик киритишича, воқеа жойига тўрт нафар қутқарувчи жалб қилинган, улар ҳалок бўлганларнинг жасадларини чиқариб, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига топширган. Ҳалок бўлганлар орасида 7 ёшли бола ҳам бор. Жароҳатланганлар шифохонага етказилган.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат инспекцияси маълумотларига кўра, 2021 йилда Иссиқкўл вилоятида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаларида 134 киши ҳалок бўлган, яна 840 киши жароҳатланган. У ерда жами 474 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган. Муассаса берган маълумотларга кўра, бу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан қарийб 22 фоизга ошган.
2021 йилда Қирғизистонда жами 7437 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган, бу 2020 йилга нисбатан 21,3 фоизга кўпдир.