Жогорку Кенешнинг депутатлари учун уюштирилган дастурхонга давлат бюджетидан пул сарфланмаган. Бу ҳақда «Клооп»га вазирлар маҳкамасининг матбуот хизмати билдирди. Вазирлар маҳкамаси сарфлаган харажатнинг аниқ суммасини ҳам ошкор этмади.
30 июнда вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров таътил бошланиши ҳурматига депутатларни чойга таклиф этди. Тадбир «Дасмия» ресторанининг меҳмонхонасида ўтгани аниқланди.
Ижтимоий тармоқларга эълон қилинган расмларда ҳукумат раҳбари ташкил этган дастурхонга шоу-бизнеснинг бир қатор вакиллари келганини кўриш мумкин. Ораларида эстрада хонандалари Аскат Мусабеков, Омар, Миргул Асаналиева ва Элзар Осконбаева ҳам бор. Шу билан бирга қўмизчи Эламан Канибеков ҳам қатнашди.
Депутатлар учун «Интимак» истироҳат боғида куйлаб, эртасига ижтимоий тармоқлар юлдузига айланган Бегимай Турусбекова ҳам қўшиқ куйлаган.
Вазирлар маҳкамаси раиси 29 майда депутатларни чойга таклиф этиб, бу масала бўйича парламент раиси Талант Мамитов билан маъқуллашганини айтган.
«Қарши бўлмасангизлар, дастурхон устида бир-биримизнинг кўнглимизни кўтариб, сизларни таътилни яхши ўтказиб келишга, ўзларингизни сайловчиларингиз билан учрашиб келиб, бизга яна бир қатор топшириқларни олиб келинглар деб кузатиб қўйишга рухсат этасизлар», — деди у.
Адлия вазирлиги маълумотига кўра, «Дасмия» меҳмонхонасининг асосчиларидан бири — собиқ депутат Айсулуу Мамашова.
Ўтган йили депутатлар сессия тугаганидан кейин таътилга кетишдан аввал Rixos Hall ресторанига тўпланиб байрам қилишган.