Жогорку Кенешнинг 29 июндаги йиғилишида «Бутун Қирғизистон» фракцияси лидери Адахан Мадумаров Кампир-Обод сув омбори бўйича масалани кўтарди.
Депутат нотинч бўлаётган юзлаб аҳоли унга сув омбори тақдири ҳақида расмий маълумот беришни сўраб хат билан мурожаат қилганини айтди.
“«Кампир-Ободнинг атрофида турли ишлар бўлмоқда. Қўшни давлат ҳаракатларни олиб бормоқда, биз хавотир оляпмиз. Бу қандай ҳал қилинган, бугунги кунгача жавоби йўқ, баъзи бир ерларда анча-мунча қозиқлар қоқилганга ўхшайди» деган хавотирларни [айтиб] юзлаб одамлар қўл қўйиб юборган», — деди халқ вакили.
Мадумаров мутасадди шахслар мазкур масала бўйича парламентга келиб жавоб бериши кераклигини эслатиб ўтди.
Кампир-Обод можароси, аҳолининг норозилиги
Ўтган йилнинг март ойида МХДҚ бошлиғи Қамчибек Ташиев бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳрида чегарани аниқлаш учун сўзлашувларни олиб борган.
Қайтиб келганидан кейин Ташиев Ўзган туманида маҳаллий аҳоли билан учрашган. Унда у Ўзбекистон Кампир-Обод сув омбори атрофидан 100 гектар ерни сўраганини айтиб, аммо Қирғизистон 50 гектарини беришга келишганини билдирган.
Бундан ташқари, Кампир-Обод сув омборининг плотинаси Ўзбекистонга алмашишини таъкидлаган. У бу қарорни «тўғри» деб, сув ҳажми тушганидан кейин маҳаллий турар-уйларни «сув қопламай қолади» деган.
Аммо Қорасувнинг Интимоқ қишлоғи аҳолиси ер стратегик аҳамиятга эга эканини айтишиб, уни беришга қарши бўлишган, Кампир-Обод ёнига ўтов қуриб, Қамчибек Ташиевнинг келишини талаб қилишган.
19 апрелда Ташиев аҳоли билан учрашиб, «энг фойдали шартнома тузди» деган. Шунингдек протокол қабул қилинса «чегарада жанжал бўлмайди» деб ишонтирган.
Махсус хизмат бошлиғи норозилик акциясини уюштирганларни «сотқинлар» деб, ҳатто уларнинг шахсини билишини айтиб қўрқитган.
МХДҚ раиси учрашувда аҳоли норозилиги туфайли Ўзбекистонга бориб протоколни қайта кўриб чиқиб, 50 гектарнинг ўрнига 20 гектар ерни алмашишга ҳаракат қилишини ваъда қилган.
25 апрелда Қамчибек Ташиев Ўзган туманида Ўш аҳолиси билан учрашган. Унда турли ҳудудлардан юзлаб кишилар қатнашиб, сув омборининг плотинасини ва унинг атрофидаги ерни Ўзбекистонга бермасликни талаб қилишган. Норозилик вақтида Ташиев «Кампир-Ободни бермаймиз» деб ишонтирган.