Боткенга Иса Ахунбаев номидаги тиббиёт академиясининг ўқув ва даволаш мажмуаси қурилади

Боткен шаҳрига Иса Ахунбаев номидаги тиббиёт академиясининг ўқув ва даволаш мажмуаси қурилади. 28-июнь куни президент Садир Жапаров Боткен вилоятига қилган иш сафарида бинонинг пойдеворига тамал тоши солди.

Маълумотга кўра, лойиҳанинг тахминий баҳоси 603,5 миллион сомни ташкил қилиб, давлат бюджетидан молиялаштирилади. Ётоқхона қурулишига сармоядорлар 93 миллион сом ажратган. Олдинда 100 миллион сомга жиҳозларни олиш режалаштирилмоқда.

Садир Жапаров тамал тоши солмоқда. Сурат: Президент матбуот хизмати.

Шифохона замонавий жиҳозлар билан жиҳозланиб, рентген хонаси, УЗИ, МРТ, ЭЭГ аппаратлари билан таъминланади. Шунингдек, 200 ўринли мажлислар зали, 200 ўринли талабалар ётоқхонаси ва 500 кишига мослаштирилган кундузги даволаниш жойи қурилади. Мажмуа очилса 90 нафар мутахассис иш билан таъминланиши кутилмоқда.

«Вилоятларимизнинг инфраструктурасини яхшилаш билан бир қаторда аҳоли саломатлигини ҳам ўйлашимиз лозим. Мана шу мақсадни кўзлаб, энг ёш вилоят қатори, Боткен вилоятидан бошлаяпмиз. Энг аввал мазкур мажмуанинг мақсади келажакда маҳаллий аҳолининг саломатлигига ғамхўрлик қилиш ва  мутахассисларни тайёрлаш ҳисобланади», — деб тушунтирди президент.

Жапаров тамал тоши солганидан кейин аҳоли билан ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини,  инфрастуктурасини ривожлантиришга боғлиқ масалаларни муҳокама қилди.

Давлат рахбари Боткен вилоятига «давлат алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлаб, бундан кейин ҳам давом этади» деди.

Вазирлар маҳкамаси Боткен вилоятида аввал маҳаллий бюджетдан молиялаштирилиб келган  маданият марказлари ва спорт мажмуалари бундан кейин республика бюджетидан молиялаштиришини айтган. Бундай қарор «Боткен вилояти мақоми тўғрисида» қонунни амалга оширишга қаратилгани таъкидланган.

Боткен вилоятига берилган имтиёзлар

«Боткен вилоятининг мақоми ҳақида» қонун лойиҳаси ўтган йили июль ойида Жогорку Кенешнинг депутатлари томонидан уч ўқишда қўллаб-қувватланган. 2021-йилнинг 10-сентябрида президент Садир Жапаров қонунни имзолаган.

Унга кўра, чегарага яқин аҳоли итъстиқомат қиладиган участкаларнинг рўйхати қабул қилиниб, 62 қишлоқда даромад солиғи 15%гача тушиб, фойда ва хариддан олинадиган солиқлардан озод этилган.

Вазирлар маҳкамасининг 62 қишлоқнинг доимий яшовчилари учун нафақаларни 2000 сомга, болалар пулини икки баробарга кўтариш таклифи маъқулланган.

 

Шу билан бирга, рўйхатдаги қишлоқларга электр энергиясини 50% имтиёз билан бериш, ижтимоий тармоқ ходимларига — шифокорлар, ўқитувчилар, куч тизим ходимларининг маошларини кўпайтирилиши хабар қилинган.