Ўш шаҳрига яқин жойлашган Қорасув туманининг Қасимбеков кўчасида 24-июнда «Хово» русумидаги оғир юк ташувчи машина йўлдан чиқиб, оғдарилиб одамларни босиб қолди. Дастлабки маълумотга кўра авариядан 3 ёш бола вафот этди.
Фавқулодда ҳолатлар вазирлигидан «Клооп»га воқеа жойида Ўш шаҳар қутқарув ва тез ёрдам хизмати иш олиб бораётганини айтишди. Ҳозирда вафот этган ёш болаларнинг шахси аниқланмоқда.
26-майда Ўш вилоятининг Чонг Олай туманидаги Ўш — Сари-Таш — Қарамиқ автойўлида йўл транспорт ҳодисаси қайд этилиб, уч киши вафот этган. Уларнинг икки нафари ёш бола.
Ўшанда «Волво» русумидаги юк ташувчи машина юклаб бораётган контейнер қарши томондан келаётган «Хендай Портер» машинасининг кабинасига тушиб кетган.
Авария оқибатида машинада бўлган 6 ёшдаги бола ва 36 ёшдаги киши воқеа жойида вафот этган. 4 ёшли бола эса тез ёрдам машинасида жон берган. Шунингдек, авариядан 29 ёшдаги аёл жабрланган.
Ўш вилоят ИИБнинг маълумотига кўра, вилоятда 2021-йилнинг ўн ойида 660 машина аварияси қайд этилган. Унинг оқибатидан 102 киши ҳалок бўлиб, 1 157 киши турли жароҳатларни олган.
Умумий мамлакат бўйича мазкур оралиқда 5 437 йўл ҳалокати қайд этилиб, 587 киши ҳалок бўлган. Шунингдек авариядан 8 298 киши жароҳат олган.