Жогорку Кенешнинг 22-июндаги йиғилишида қимор ўйинларига рухсат берувчи қонун лойиҳаси кўриб чиқилаётганда «Бутун Қирғизистон» фракциясининг лидери Адахан Мадумаров регламент бузилганини айтди. Мадумаров қўлга тегмаган хужжатга овоз беряпмиз деб танқид қилди.
«Агар сизлар қиморхона очишни хоҳласангиз 3 кун эртароқ ҳаракат қилмайсизларми? Қонун лойиҳасини ҳар бир депутатнинг қўлига бермайсизларми. Ҳозир биз қўлимизда хужжатимиз йўқ ҳолда, нимага овоз берамиз? Биринчи ўқишда қаралган. Иккинчи ўқишда депутатларнинг таклифлари қабул қилинди дейишмоқда. Нимаси қабул қилиниб, нимаси қабул қилинмади? Қаердан ўқияпсизлар? Балки бизга бермай, сизларга бердими? Биз бир нарсани кўриб овоз беришимиз керак», — деди Мадумаров.
Шунингдек, Мадумаров вазирлар маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров айтгандай бюджетга миллиардлар тушмайди деди.
«Ҳеч қачон қиморга яқинлашма, у яхшиликка олиб бормайди. Миллиардларни айтаверади. Акилбек Жапаровнинг оғзидан чиқса-чиқса миллиард чиқади, миллион чиқмайди. У маблағ келмайди. Юқмайдиган пул туфайли балога қолишдан эҳтиёт бўлайлик», — деб огоҳлантирди Мадумаров.
Вазирлар маҳкамасининг раиси Акилбек Жапаров бунгача казино очилса давлат бюджети 2 миллиард сомгача тўлишини айтган.
У қонунга кўра, казиноларга фақат чет эллик фуқаролар киришини эслатиб ўтган. Аксинча бўлса, казино жиҳозлари конфискация қилиниб, лицензияси олинишини таъкидлаган.
Бундан ташқари Жапаров казиноларга кирган фуқароларни назорат қилиш учун йўлакка биометрика назоратини ўрнатиш режаланаётганини билдирган.
Қонун лойиҳаси бешинчи маротаба қўйилганидан кейингина иккинчи ва учинчи ўқишда ўтди. Фақат «Бутун Қирғизистон» партияси депутатлари овоз беришда қатнашмади.
Қирғизистонда казиноларни очиш
2021-йили президент Садир Жапаров Қирғизистонда казино очишни таклиф этган. Вазирлар маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров ташаббусни қўллаб -қувватлаган.
2021-йилнинг 27-апрелида президент казиноларни мамлакатнинг барча ҳудудларида очиш ғоясини тавсия этган. Ўша вақтда Жапаров қимор ўйинлари бюджетга «миллиардлаб» даромад олиб келишини таъкидлаб, вазирлар маҳкамаси фақат ҳар бир ўйин столи учун солиқ олмасдан, казино фаолиятини юритиш учун 1- 1,5 млн долларга лицензия сотишига ишонтирган.
Иқтисод ва тижорат вазирлиги «Кўнгил очар ўйинлар иши тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, 28-мартда жамоат муҳокамасига олиб чиққан.
Лойиҳага кўра, маҳкама казино, тотализатор, букмекер контора ва залларнинг, шунингдек ўйин автоматларининг фаолиятини қайта қонунийлаштиришни кўзлайди.
Иқтисод вазирлиги бу қонун лойиҳасининг «кечиктириб бўлмайдиган» қатори — навбатсиз тартибда дарҳол уч ўқишда кўриб чиқишни таклиф этган.
Агар қонун лойиҳаси қабул қилинса, Қирғизистон фуқаролари билан шу билан бирга меҳнатга лаёқатсиз ёки 21 ёшгача тўлмаганлар қиморхоналар мижози бўла олмайди.
Вазирлар маҳкамаси бошлиғи Акилбек Жапаров 2001-йилда мамлакат бюджетига казино ва қимор ўйинлари фаолиятидан 630 миллион сом тушганини, бу сафар мазкур миқдор тўрт баробар кўп бўлади деб кутилаётганини айтган.
20-июнда Жогорку Кенешнинг Бюджет, иқтисод ва фискалдык сиёсати бўйича қўмитаси казинони қонунийлаштириш бўйича қонун лойиҳасини маъқуллаган.
Казиноларнинг очилишига қарши чиққан депутат Дастан Бекешев қонун лойиҳаси парламентдаги иккинчи ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилинганини айтган. Ҳужжатни қабул қилиш жараёни ёпиқ эшик ортида ўтган.