Президент Садир Жапаров жорий йилнинг август ойида Бишкекда 22,5 минг ўринли янги замонавий стадион қурилиши бошланишини айтди.
Давлат рахбари янги стадион халқаро миқёсдаги йирик тадбирларни ўтказиши мумкин бўлган кўп функцияли спорт аренаси бўлишини таъкидлади.
Бу ваъдани президент Қирғизистон ва Тожикистон футбол бўйича миллий терма жамоалари ўртасидаги Осиё кубоги доирасидаги ўйинда берди. Учрашув дуранг билан якунланди. Ҳар икки жамоа 2023-йилда Хитойда бўлиб ўтадиган Осиё Кубогида иштирок этади.
Терма жамоа бош мураббийи Александр Крести ва жамоа сардори Валерий Кичин «сўнгги йилларда давлатимиз томонидан мамлакатда футбол ва умуман спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади» деб айтилади президент сайтида.
Жапаров стадион ваъда қилган биринчи президент эмас. Аввалроқ, 2019-йилда собиқ президент Сооронбай Жээнбеков Бишкекда янги спорт саройи ва иккита стадион қурилиши ҳақида маълум қилганди. Бунинг учун Бишкек шаҳрининг жанубий қисмида 30 гектар ер борлигини айтган.
Чунки 2018-йилда футбол бўйича Қирғизистон миллий терма жамоаси мамлакат тарихида илк бор Осиё Кубоги-2019 йўлланмасини қўлга киритган эди.
Қирғизистон ва Мянма футбол бўйича миллий терма жамоалари ўртасидаги 11-июнь кунидаги ўйинда мухлислар президент Садир Жапаровдан янги стадион керак деб бақиришган.
Бироқ ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига «шиор» ёқмади, мухлисларни тинчланишни талаб қилишган. Милиция фикрига кўра, «стадионда бунга рухсат йўқ».
Ўйиндан сўнг Қирғизистон миллий терма жамоасининг фаол мухлиси бўлган Туркия фуқароси Али Солиҳ милицияда сўроқ қилингани маълум бўлди. Бунга сабаб бошқа томошабинлар билан биргаликда стадион қуриш зарурлигини айтгани сабаб бўлган.