Бишкекда 11 июнь куни бўлиб ўтган Қирғизистон ва Мянма терма жамоалари ўртасидаги ўйинда янги стадион қуришни талаб қилган хорижлик фуқаро сўроқ қилинди. Мазкур ўйинни томоша қилишга президент Садир Жапаров ҳам ташриф буюрган эди.
Фаол Адилет Балтабайнинг «Клоопо»га айтишича, ўйиндан сўнг унинг танишини - турк фуқароси Али Солиҳ милиция томонидан сўроқ қилинганини хабар қилди.
Унга кўра, Солиҳ Қирғизистон терма жамоасининг энг фаол мухлисидир. У ўйиннинг биринчи бўлимидан сўнг танаффус вақтида бошқа мухлислар қатори «Оқ терак, кўк терак, Қирғизистонга янги стадион керак!» деб ҳайқирди.
«У жамоат тартибини бузгани учун сўроққа чақирилган. Уни тушунтириш хати ёзишга мажбур қилишибди»,- деди Балтабай.
Туркия фуқароси сўроққа изоҳ беришдан бош тортди.
Мақола эълон қилинишидан олдин, Биринчи май туман ИИБдан сўроқ бўйича маълумот олишнинг иложи бўлмади.
Нима бўлган эди?
Қирғизистон ва Мянма футбол бўйича миллий терма жамоаларининг ўртасидаги 11-июн куни бўлиб ўтган ўйинда мухлислар президент Садир Жапаровдан янги стадион талаб қилишди. Президент ўйинга рафиқаси Айгул Жапарова билан бирга борди. Улар учрашувни VIP майдонда томоша қилишди.
Ўйин давомида мухлислар “янги стадион” деб ҳайқиришди.
Бироқ ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига «шиор» ёқмади ва мухлисларни тинчлантиришни талаб қилишди. Милициянинг фикрига кўра, «стадионда бунга рухсат йўқ».
Ушбу ўйинда Қирғизистон терма жамоаси Мянмани 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Бу «Ақ шумқорлар»нинг иккинчи ғалабаси бўлди.