Ўш вилояти Новқат шаҳридаги муниципал “Саламат” болалар боғчасининг иккинчи қавати деразасидан қулаган бола бўйича милиция тергов ишларини бошлади.
Ўш вилоят ИИБ матбуот котиби Жениш Аширбаевнинг айтишича, воқеа 13 июн куни соат 12:30 атрофида содир бўлган.
Шу куни Новқат тумани Арбин қишлоғида яшовчи 25 ёшли фуқаро соат 11:10 атрофида ўзининг 4 ёшли ўғлини илк бор «Саламат» болалар боғчасига олиб келиб, мудирага топширган.
Ёш бола эса тахминан соат 11:40 атрофида болалар боғчасининг иккинчи қавати деразасига чиқиб, кўча тарафга осилиб қолган. Болани осилиб турганини 67 ёшли фуқаро кўриб, у ерга қулаганда ушлаб қолган.
Воқеа ҳақида илк бор Фейсбук фойдаланувчиси Айжаркин Суйунбай қизи ёзган. У боланинг йиқилиб тушгани акс этган видеони ҳам юклаган. Унда бола кўчада кетаётган шахс кўриб қолиб, кейин бошқа одамлар тўпланиб уни ушлаб қолишганини кўриш мумкин.
Мазкур воқеа бўйича Ўш вилоят ички ишлар бошқармаси ўсмирга суд-тиббий экспертиза тайинлаган, бироқ боланинг ота-онаси рад жавобини берган.
«Боланинг танасида ҳеч қандай шикаст йўқлиги учун ота-онаси уни тиббий кўрикдан ўтказишдан бош тортган. Боғча ходимларига ҳам ҳеч қандай шикоят йўқлиги айтилди ва шикоят қилишдан бош тортди», — деди Аширбаев.
Унинг қўшимча қилишича, милиция томонидан тегишли идораларга хатлар йўлланган ва болалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кенг кўламли текширувлар ўтказилмоқда.
Таълим ва фан вазирлигининг «Клооп»га маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан тегишли хизматларга кўрсатма берилган, тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини билдирди.
«Боғча мудирасига нисбатан қаттиқ чоралар кўрилади. Чунки, боғча хавфсизлиги умуман талабга жавоб бермайди. Айни дамда Таълим вазирлиги текширув ўтказмоқда. Шунга кўра чоралар кўрилади», — деди вазирлик матбуот котиби Нуржигит Мирзабеков.