Москвада ватандошларини шантаж қилиш ва талончилик қилишда гумонланган қирғизистонликлар қўлга олинди

264

Москвада Қирғизистон ИИВ ходимлари Россия милицияси билан биргаликда ватандошларини товламачилик қилишга ва одам ўғирлашда гумон қилинган уюшган жиноий гуруҳни қўлга олди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Тергов маълумотларига кўра, қўлга олинган гуруҳ бошида 1988-йилда Норин вилоятида туғилган «Карагер» исмли шахс бошқарган. У муқаддам қотиллик, талончилик, талончилик, безорилик ва фирибгарлик жиноятларида судланган, уюшган жиноий гуруҳ аъзоси сифатида ИИВи рўйхатида туради.

ИИВ хабарига кўра, 10 июнь куни вазирликнинг Россиядаги ваколатхонасига қирғизистонлик мурожаат қилиб, «Кузьминки» боғида нотаниш шахслар қариндошини ўғирлаб, номаълум томонга қочиб кетганини маълум қилган.

Милиция қидирув ишларини бошлаб, тадбир доирасида Москвадаги кўп қаватли уйлардан бирида 1990-йилда туғилган жабрланувчини топган. Милиция маълумотларига кўра, гумонланувчилар уни мажбуран ушлаб, 1,8 миллион рубль ундиришган.

Квартирада жиноий гуруҳ раҳбари,  «Карагер» ҳам бўлган. Бундан ташқари, квартирада яна 8 киши бўлган. Улар Ўш, Жалолобод, Талас ва Боткен вилоятларида туғилган кишилар. Хонадонни кўздан кечириш чоғида травматик тўппонча топилган.

Бу факт бўйича Кузьминки туманлараро тергов бўлими томонидан Россиянинг жиноят ва жазо  кодексининг «Уюшган жиноий гуруҳ томонидан одам ўғирлаш» ва «уюшган жиноий гуруҳ томонидан ўта йирик миқдордаги мол-мулкни қўлга киритиш мақсадида зўрлик ишлатиб, товламачилик қилиш» моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган.

ИИВ жиноий гуруҳ Москва ва Москва вилоятида худди шундай иккита жиноятга алоқаси борлигини қўшимча қилди.