Ўш шаҳрида июнь воқеасида ҳалок бўлганлар хотирланди

Сурат: Ўш мэрияси

Ўш шаҳрида 10-июнда июнь воқеаларида ҳалок бўлганлар хотирланди. Бу ҳақда мэриянинг матбуот хизмати билдирди.

Хотирлаш кунига қарата митинг-реквием уюштирилиб, «Оналарнинг кўз ёши» мемориал мажмуага гул қўйилди. Тадбирга вилоят раҳбари Зиядин Жамалдинов бошчилигидаги ҳукумат вакиллари ва қонли воқеада ҳалок бўлганларнинг яқинлари қатнашди.

Шу билан бирга тадбирда вице-мэр Марс Исаев мэрия июнь воқеасида ҳалок бўлганларнинг яқинларига «қўллаб-қувватлашга тайёр» деб ваъда берди.

Бунгача июнь воқеасига боғлиқ президент Садир Жапаров мурожаат йўллаган. У «Қонли фожеа кўп нарсага кўзимизни очиб, мамлакат бирдамлигига боғлиқ ҳар бир ҳаракатимизга эхтиёткор бўлишимизни исботлаб берди»,- деб билдирган.

Шу билан бирга «мамлакат раҳбарининг диққат марказида ҳамиша миллатлараро бирдамлик ва этнослараро тотувликни муҳофаза қилиш масаласи бўлиши керак»,- дея таъкидлаган.

Ўш ва Жалолоббод вилоятларида содир бўлган июнь воқеаларига бу йил ўн икки йил бўлди.  2010-йилнинг 10-июнида миллатаро низо чиқиб, у уч кун давом этган. Вазият 14-июнь куни эрталаб барқарорлашган.

Расмий маълумотларга кўра, июнь воқеасида 447 киши ҳалок бўлиб, 1500дан ортиқ киши турли жароҳатлар олишган. Норасмий маълумотларга кўра ҳалок бўлганларнинг сони 2000 кишидан ошган.

Минглаб бинолар ёқилиб, ҳарбий ходимлари билан милициянинг қурол-аслаҳаси ва махсус техникаси босиб олинган. Низо оқибатида келиб чиққан моддий зарар — 2,2 млрд деб баҳоланган.

Июнь воқеаси бўйича ишлар

2021-йилнинг 16-апрелида МХДҚ 2010-йилдаги «июнь қўзғолони» бўйича тергов қайта жонланганини хабар қилган. Бу президент Садир Жапаров топшириғи билан бошланган.

Ўша вақтда Давлат қўмитасидан текширув Қодиржон Ботировнинг мамлакатдан чиқиб кетишига ноқонуний ёрдам берган факти бўйича Муваққат ҳукуматнинг мутасаддиларига қарата ҳам олиб борилади деб билдирган.

МХДҚ маълумотига кўра, Батиров давлатдан чиқиб кетиши миллатлараро низонинг чиқишига бирдан бир сабаб бўлган. Унинг мамлакатдан чиқиб кетиши қандай тўқнашувларга олиб келгани аниқ айтилмаган.

«Судгача бўлган иш жараёнида 2010-йилнинг май-июн ойларида Ўш ва Жалолободда содир бўлган оммавий тартибсизликларга сабаб бўлган сабаб ва шарт-шароитлар ўрганилиб, Муваққат ҳукумат аъзоларининг ҳаракатларига якуний ҳуқуқий баҳо берилади», - деган махсус хизмат.

Ундан бери Бош прокуратурада 15 киши, аввалги ва амалдаги расмийлар тергов қилинди. Жиноий иш «Хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш» моддаси билан текширилмоқда.

Терговга президент Садир Жапаров ва МХДҚнинг раиси Камчибек Ташиев ҳам борган.