Ўш шаҳрининг марказий майдонида 6-июнь куни «Ихсан» турар жой кооперативига қарши 20 кишидан иборат тинчлик намойиши бўлиб ўтди. Улар ҳукуматдан кооперативни назоратга олишни талаб қилишди.
Тўпланганлар компаниядан «ёки ваъда қилинган уйни ёки ҳеч бўлмаганда солган маблағини қайтариб ололмаётганини» айтишди.
«Президентга мурожаат қилар эдим, буларга чора кўрилсин! Биз бир хонали уйимизни кенгайтирайлик деб сотиб, пулини “Ихсан”га бериб, ўзимиз мана бундай ҳолда кўчада қолдик. Биз хозир хонадонга ижара ҳақини тўлаб, зиёнга учрадик. Буларнинг маблағини бизга ким тўлайди?! Агар халқнинг муаммосини ҳал қилиб бера олишмаса унда уйларнинг ҳаммаси сотилсин! Халқнинг пулини берсин!» — деди намойишга чиққанлардан бири.
Яна бир иштирокчи беш нафар боласи борлигини айтиб, мажбурликдан уларни ташлаб намойишга қатнашаётганини таъкидлайди.
«Ўн кун ичида бизнинг маблағимизни қайтариб берсин, фақат шу! Уйларини сотсин! Менинг беш нафар фарзандим бор, ҳар куни боламни уйга ташлаб шу ерга қатнайверишдан чарчадим», — деди аёл.
Намойиш иштирокчилари «Ихсан халқ кўчада қолди», «Ташиев эътибор қарат», «Акинай халқнинг маблағини қайтар», «Ихсан кесма-завод», «Тўхтат, Ихсан халқни алдама» деб ёзилган ёзувларни кўтариб туришди.
Тинчлик намойишида модераторлик қилган фуқаролик фаоллар кооперативга тегишли чора кўрмаётганини таъкидлаб, танқид қилишди. Улар ҳуқуқ тартибот идораларини ва маҳаллий маъмуриятини халқнинг овозини тинглашга чақирди.
«Ҳозир оилаларнинг аҳволи қандай? Турмуш ўртоғи аёли билан урушади, хотинини қувиб чиқади. Ўзига ўт қўйганлар ҳам бўлган, ўлдирганлар ҳам бор. Ҳозир милицияга бу ҳақда қанчадан-қанча аризалар тушмоқда. Лекин ҳукумат буларга нимага эътибор қаратмайди?! Ҳозир мен билганлардан 100дан ортиқ шикоят тушиб, аммо масала ҳал қилинмай келмоқда. Нима учун тушган аризалар қаралмаяпти? “Ихсан”ни ким химоя қилмоқда?!» — деб савол берди ҳуқуқ химоячиси Анарбек Капаганов.
Йиғилганлар «10 кун ичида кооперативга чора кўрилмайдиган бўлса, еттита вилоятдан одамлар тўпланиб, Оқ уй олида президентга мурожаат қиламиз» деб билдиришди.
«Ихсан» вакиллари нима дейди?
7-июнда «Клооп»нинг журналистлари ушбу кооперативнинг Ўшдаги идорасига борди. Унда «Ихсан»нинг вакиллари ҳозирда «раҳбарият Бишкек шаҳрида» дейишиб, 9-июнда изоҳ беришни ваъда қилишди.
Бунгача «Ихсан» кооперативининг асосчиси Акинай Бекмурзаева кооперативда «ҳавфсирайдиган муаммо йўқлигини» таъкидлаб, «барча идораларда мижозларга тушунтириш ишлари олиб борилаётганини» билдирган.
Шу билан бирга Бекмурзаева кооператив фаолияти давом этаётганини, харидорларнинг ҳаммаси ҳам норози эмаслигини айтган.
Мижозларга уй «навбати билан берилаётганини» қўшимча қилиб, навбатни назорат қилган махсус комиссия тузилганини таъкидлаган.
«Ҳозирда икки томонлама комиссия тузилган. Навбатни, уй олаётган кишилар рўйхатини назорат қилиб туришибди. Иккинчи комиссия аъзолари “маблағимизни қайтариб оламиз” деганларнинг рўйхатини тузиб олиб, назорат қилиб, кузатиб, қайтарилган миқдорнинг чекларини навбати билан берилишини назорат қилишмоқда», — деган у.
Апрел бошида Бишкекда «Ихсан» кооперативининг бир қатор аъзолари норозилик намойишини ўтказган. Улар уй олишда пул бериб, лекин олмай қолганини айтиб, маблағларни қайтариб беришни талаб қилишган.
Ички ишлар вазирлиги ушбу кооперативга 2021-йили «Товламачилик» моддаси билан жиноий иш қўзғаган.
Бундан ташқари Ўш ва Бишкек шаҳарларида бир неча кооперативларга нисбатан мана шу модда билан иш қўзғалган. Уларнинг орасида S-Line, «Оқ-Уй КейДжи» ва «Биринчи уй- жой кооператив»лари бор.