Султанбаев: Зулушевнинг лавозимидан четлатилгани Конституцияга зид эмас

268

Президентнинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев Курманкул Зулушевнинг тергов вақтида бош прокурор лавозимидан вақтинча четлатилиши Конституцияга қарши келмаслигини билдирди. Бунгача бир қатор экспертлар президент бош прокурорни вазифасидан четлатиб ваколатини суиистеъмол қилганини, бундай қарорни фақат Жогорку Кенеш қабул қилади деб таъкидлашган.

Султанбаев президент лавозимдан олиш ҳақидаги фармонини вазир билан бош прокурорнинг шахсий адоватларини хисобга олиб «соғлиқни сақлаш вазири Алимкадир Бейшеналиевга нисбатан қўзғалган жиноий ишни ҳар томонлама ҳамда адолатли кўриб чиқишни таъминлаш мақсадида» қабул қилинганини айтиб берди.

Алимкадир Бейшеналиев эхтиёт чораси кўрилаётган судда. Видеодан скриншот.

«Барчамизга маълум бўлганидай, жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган жиноят ишлари бўйича тергов муддати 2 ой деб белгиланган. Демак, бош прокурор хизматидан олинмагани учун, бунга Жогорку Кенешнинг розилиги шарт эмас. Шунинг учун тергов якунигача вазифасидан четлатиш қарори Конституцияга қарши келмайди», — деб таъкидлади Султанбаев.

Президент матбуот котиби «Манфаатлар тўқнашуви ҳақида» қонунининг 7-моддаси манфаатлар тўқнашуви вақтида давлат ходимлари хизмат вазифасидан четлатишга йўл беришини ҳам таъкидлади.

«Соғлиқни сақлаш вазири билан бош прокурорнинг шахсий муносабатлари — бу манфаатларнинг тўқнашуви —жамоат-ҳуқуқий вазифалари билан шахсий  манфаатлари ўртасидаги тўқнашуви, уларнинг шахсий манфаатлари уларнинг хизмат вазифаларига ўз таъсини кўрсатади ёки таъсир кўрсатмай қолмайди, бу эса фуқароларнинг, бундай вазиятда Алимкадир Бейшеналиевнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини бузишга олиб келади ёки олиб келиши мумкин», — деб тушунтирди Султанбаев.

Зулушевнинг лавозимидан вақтинча четлатилиши

4-июнда президент Садир Жапаров соғлиқни сақлаш вазири Алимкадир Бейшеналиевнинг коррупцияга боғлиқ иши бўйича Курманкул Зулушевни тергов вақтида бош прокурорлик хизматидан вақтинча озод этган .

Садир Жапаровнинг амалдаги конституциясида бош прокурорнинг лавозимидан четлатилиши кўзда тутилмаган.

Конституциявий ҳуқуқи бўйича мутахассис Сания Токтогазиеванинг таъкидлашича, «президент конституция меъёрларидан чиқиб, конституциявий бўшлиқни ўз хоҳишига кўра тўлдира олмайди».

«Бизнинг Конституция мантиғига кўра, бош прокурорни лавозимидан четлатиш ёки вазифасидан олиш бўйича сўнги сўзни Жогорку Кенеш айтиши керак», — дея таъкидлаган у.

Курманкул Зулушев парламентда. Сурат: Жогорку Кенеш сайтидан.

Лекин Зулушевни лавозимидан олиш масаласи Жогорку Кенеш мажлисида кўтарилмаган, кўриб чиқилмаган ҳам.

Зулушевнинг ўзи вазифасидан вақтинча четланишига «президент фармони муҳокама қилинмайди», у фақат бажарилиши керак дея изоҳ берган.

Бейшеналиевнинг қўлга олиниши

Соғлиқни сақлаш вазири Алимкадир Бейшеналиев 2-июнда «коррупция»да гумонланиб қўлга олинган. Бош прокуратура расмийга нисбатан еттита жиноий ишни қўзғагани аниқ бўлди.

Назорат органининг маълумотига кўра, бир жиноят иши «Коррупция» моддаси бўйича, иккитаси «Таҳдид қилиш орқали пора олиш», тўрттаси «Хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш» ва «Қасддан фойдасиз шартнома тузиш» моддалари бўйича қўзғалган.

Эртаси куни 3-июнда Жапаров соғлиқни сақлаш вазири Алимкадир Бейшеналиевнинг иши бўйича  комиссия тузганини билдирган. Давлат раҳбари комиссияни вазирга жиноий иши холис кўзғалган-ёки йўқми «ўзи учун билиб олиш» мақсадида тузганини қўшимча қилган.

«Мен холис бўлишим керак. Чунки жамиятда "бош прокурор билан вазир иккаласи бир-бирига қасдлашиб қолган" деган фикрларни билдиришмоқда. Шунинг учун ҳозирча иккаласини тенг бир тарафалама қоралашдан олис бўлиб туринглар», — деган у.

Шу билан бирга президент терговга ҳеч ким тўсиқ бўлмасин, комиссия унга материалларни тўплаб беришини таъкидлаган.

Бунгача Жапаров бир неча маротаба Бейшеналиевни қўллаб-қувватлаб, у «сўзга қўрқоқ, лекин ишнинг кўзини билган раҳбар» деб таърифлаган.

«Шунинг учун этика тарафадан камчиликлари бўлса ҳам, кўз юмиб келамиз. Қилаётгани иши халқ учун бўлаётган бўлса бўлди», — деган президент.

4-июнда Садир Жапаров Алимкадир Бейшеналиевни тергов якунлангунга қадар лавозимидан озод этган.