2021-йилнинг 13-декабрь куни Ўш вилоятининг Қорасув туманидаги 114 минг доллардан ортиқ миқдорни ўзлаштиришда гумонланиб қўлга олинган уч кишининг иши бўйича тергов амаллари якунланиб, судга ўтди. Мазкур миқдорнинг эса йўқолиши бўйича милиция ходимига айб қўйилди.
Ўш вилоят ички ишлар бошқармасининг матбуот котиби Жениш Аширбаев «Клооп»га ҳозирча ўзлаштирилган маблағ бедарак эканини айтиб, тергов давом этаётганини таъкидлади.
«Босқинчилик пайтида йўқолган пулларни ким олгани номаълум. Ҳозирда баъзи матбуот воситаларида “пулни милиция ходимларининг ўзлари ўзлаштириб олган” деган ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар тарқамоқда. Бу ёлғон маълумот. Пулнинг ўзлаштирилиши бўйича милиция ходимларига Бош прокуратура томонидан ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндошган деган айблов қўйилган. Бироқ бу пулни олди деган факт эмас», — деди у.
Шу билан бирга Аширбаев пулни ўзлаштириб, тадбиркорга тўппонча тақаган уч гумондорнинг ишини судга ўтгани бўйича қуйидагича изоҳ берди.
«Уч нафар гумондорга «Ўқ отувчи қуролни ноқонуний сақлаш», «Ўғрилик» ва «Куч қўллаш» айблари бўйича тергов ишлари якунланиб, судга ўтказилди. Улар малағни олгани факт, ўзлари ҳам айбига иқрорқ бўлишган. Пул қора халтада бўлган дейишмоқда. Терговда халтанинг ичидан пул топилмаган. Лекин пул топилмагунча тергов давом этади», — деди матбуот котиби.
Бош прокуратура «Турмуш» нашрига Қорасув туман прокуратураси гумондорларни қўлга олиш вақтида 114 минг 250 долларнинг йўқолиши бўйича жиноий иш қўзғаганини билдирган.
Қорасув туман ИИБнинг тезкор ходимига Жиноят ва жазо кодексининг «Хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш», «Ўғрилик» моддалари билан айб қўйилиб, у уй қамоғига олинган.
Воқеа тафсилотлари
Ўш вилоят милицияси 13-декабрда Қорасув шаҳрида «қуролли босқинчилик»да гумонланиб уч нафар шахс қўлга олинганини билдирган. Қорасув туман Савай қишлоғининг 39 ёшдаги турғуни милицияга ариза билан мурожаат этган.
Унда у хитойлик тадбиркорга тегишли 109 минг доллар билан ўзига қарашли 5 минг доллардан ортиқ маблағни ўғрилаб кетишганини айтган. Гумондорлар шахсга қурол ўқталиб, машинасини ҳайдаб қочган. Тўнаб қочганидан кейин улар «Дэу-Лачетти» машинасини тўлиқ ёқиб юборишган.
Бироқ гумондорлар ўз кўрсатмасида пул солинган халта бошқа нон солинган бошқа машинада эди деб ишонтиришган. Ўш вилоят милициясидан халтада ҳам, куйган машинада ҳам пул ёки унинг қолдиғи топилмаганини айтишган.
Жабирланувчининг сўзларига кўра, 13-декабрь куни соат 09:50лар атрофида Қорасув шаҳрининг Навоий кўчасида унга нотаниш икки киши хужум қилган. Улар жабрланувчининг кўкрак қисмига тўппонча тақаб, «Мерседес-Бенц Спринтер» русумидаги машинасини ҳайдаб қочишга ҳаракат қилишган.
Вилоят милицияси тўнашда гумонланиб аввал «Қотиллик» ва «Ўқ отувчи қуролни ноқонуний сақлаш» моддалари билан икки марта судланган 32 ёшдаги жаштагы Ш.М., аввал диний экстремизмга боғлиқ судланган 48 ёшдаги А.У. ва олдин «Босқинчилик» моддаси билан судланган 46 ёшдаги Р.Д. исмли шахслар қўлга олинганини билдирган.
Кийинроқ гумондорларнинг адвокати Динара Турдуматова журналистларга воқеа бўлган куни тортилган видеони намойиш қилган. Унинг таъкидлашича, лавҳада халтани милиционер олиб кетгани ёзилиб қолган.
Лекин Ўш вилоят ИИБдан милиция ходими пулни ўзлаштириб олгани бўйича ҳеч қандай далиллар йўқлигини айтиб келишмоқда.