Чуй вилоятининг Тўқмоқ шаҳридаги №3 мактабнинг спорт майдонига яшин тушиб, 13 ёшли қиз ҳалок бўлди. Бу маълумотни «Клооп»га Чуй шаҳар ИИБдан тасдиқлашди.
Маълумотга кўра, яшин уч ўқувчига теккан. Ўспирим қиз воқеа ерида вафот этган. Яна икки ўқувчи эса касалхонанинг жонлантириш бўлимига тушган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигидан «Клооп»ги 3-июнда икки ўқувчининг аҳволи яхшиланиб, уйларига чиқарилганини билдиришди.
«Ўқувчилар кеча жонлантириш бўлимига ётқизилган. Аҳволлари қаноатланарли эди. Бугун эрта билан аҳволи яхши бўлганидан ота-оналари уйларига олиб кетишди», — деб билдиришди вазирликдан.
2020-йилнинг июль ойида Ўш вилоятининг Қорасув туманидаги Сараф қишлоқ ҳукуматига яшин тушиб, 13 ёшли бола вафот этган. Марҳум мазкур қишлоқдаги Мияли қишлоғида мол боқиб юрган вақтида унга яшин теккан.