Баткен вилоят милициясидан Қадамжой туманига қарашли Марказ қишлоғида 16 ёшдаги ўқувчи осилган ҳолда топилганини хабар қилишди.
Муассасанинг матбуот хизмати «Клооп»га билдиришича, воқеа ҳақида 2-майда маълум бўлган. Воқеа жойига борган тезкор гуруҳ ўзини осиб олган ўспирим 11-синфнинг ўқувчиси эканини аниқлаган. Отаси Ўш шаҳрида касалхонада даволанаётган, онаси эса Россияга ишлагани кетгани маълум бўлди.
Мазкур факт туман милициясининг электрон журналига қайд этилиб, мактаб ўқувчисининг ўлими сабабини текшириш ишлари олиб борилмоқда.
Ўтган йилнинг май ойида Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида яшаган 14 ёшдаги ўспирим уйининг томида аррқонга осилган ҳолда топилган. Ўспиримнинг отаси ҳеч кимга даъвоси йўқлигини айтиб, ариза ёзишдан бош тортган. Аммо вилоят милицияси ўқувчининг ўлими текширилишини ваъда қилган.
Қирғизистонда болалар ҳар йили жисмоний, жинсий ва ҳиссий зўравонликдан жабрланиб келади. Болага қарши қандай шаклда зўравонлик бўлмасин, бу уларнинг ҳаётидаги барча босқичда оғир оқибатларга олиб келади.