Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг етакчиси Қамчибек Ташиев 29-апрелда Жалолобод шаҳрида 1000 нафардан ортиқ кишига президент Садир Жапаровнинг номидан ифтор уюштирди.
Ташиевга қарашли «Регион ТВ»нинг бошчиси Откурбек Рахманов Фейсбук саҳифасида бу ҳақда пост эълон қилиб, суратлар билан ўртоқлашди.
«Регион» телеканалининг бош муҳаррири Откурбек Рахманов журналист Адил Акжол ўғлига берган интервьюсида телеканал Ташиевга қарашли эканини тасдиқлаган.
Ташиев ифторга келганлар олдида сўзга чиқиб, Қирғизистонда тинчлик ва осойишталик бўлишини талаган. Шунингдек у, ифтор президент номидан ўтказилаётганини ва давлат раҳбари Садир Жапаров барчага салом йўллагинини билдирган.
«Президентимизнинг президент бўлиб сайланганига бир йилдан ўтиб қолди. Давлатимизда ижобий ўзгаришлар сезила бошлади», — деган махсус хизматнинг етакчиси.
Ўз навбатида ифтор иштирокчилари ҳам Жапаров ва Ташиевга миннатдорчилик билдириб, уларнинг ишига муваффақият тилаган.
МХДҚ ёки президент маъмуриятидан ифторни уюштириш учун қанча маблағ сарфлангани ва бу маблағ ким томонидан ажратилгани ҳамда бу каби тадбирлар бошқа шаҳарларда ҳам уюштирилиб, уюштирилмаслиги бўйича маълумотларни аниқлашнинг имкони бўлмади.
Жорий йилнинг март ойида ҳам Қамчибек Ташиев Аёлларнинг халқаро куни муносабати билан Жалолобод шаҳридаги икки ресторанда 1000га яқин қаҳрамон она иштирокида тадбир уюштирган. Бу ҳақда унинг сафдоши Откурбек Рахманов фейсбук саҳифасида маълум қилган эди.
Маълумотда Ташиев аёлларни 8-март байрами билан табриклагани ва кейинги йилдан бошлаб бундай тадбирни ўғиллари ўтказишини таъкидлагани билдирилган.