14-апрелда собиқ президент Алмазбек Атамбаевни Бишкекнинг Биринчи май туман судидаги мажлисидан тез ёрдам машинаси олиб кетди. Бу ҳақда Атамбаевнинг ўғли, парламент депутати Сеидбек Атамбаев Фейсбукдаги саҳифасида ёзди.
Унинг айтишича, жараён вақтида сиёсатчининг аҳволи ёмонлашиб, қон босими кўтарилиб кетган. Судда бугун Атамбаевнинг «Қалис-Ордо» участкасидаги мактабнинг қурилиши ва Туркия фуқароларига ноқонуний паспорт бериш ишига боғлиқ жиноий ишлари қаралаётган эди.
«№ 47 колонияда яқинда бўлган воқеадан кейин ЖЎХ ходимлари умуртқасини қалтислатиб қўйишган. Тез ёрдам билан колонияга олиб кетишди», — деб ёзди депутат.
Алмазбек Атамбаев бунгача соғлиғидан шикоят қилган. Бу ҳақда адвокатлари ва яқинлари ҳам айтишган. Атамбаев соғлиғи сабаб суд залидан бир неча марта тез ёрдам билан олиб кетишган.
Сеидбек Атамбаев парламентнинг 30-мартдаги йиғинида отасининг ҳаёти хавф остида эканини билдирган.
«Унинг [Атамбаевни] ҳаётига хавф бор. Ҳеч қачон Алмазбек Шаршенович ўз жонига қасд қилмайди. Агар бошини ёриб олса ёки овқатга тиқилиб ўлиб қолса, мен шу ҳукумат Атамбаевга қўл кўтарди деб ҳисоблайман», — деб билдирган халқ вакили.
Сеидбек Атамбаев билдирувни собиқ президентни Қўйтош воқеалари бўйича судга мажбурлаб олиб келишгандан кейин айтган. Сиёсатчининг адвокати Замир Жоошев Атамбаев ўзини ёмон ҳис қилаётганини айтиб, мажлисга қатнашишдан бош тортишига қарамай, суд залига мажбурлаб олиб келишганини билдирган.
Юристнинг айтишича, қўриқчилар «Алмазбек Атамбаевни хонасидан колониянинг қорли плацига ич кийимда, оёқ-қўлидан ушлаб судраб чиқиб», куч билан автозакка солиб келишган.
Кейин қийноқларни олдини олиш миллий маркази Атамбаевнинг қўл ва оёғида кўкарган доғларни кўришган.