Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Жогорку Кенешнинг депутатлари Фархат Исмаилов ва Фарходбек Алимжановни «қалбаки диплом олишда» гумон қилмоқда. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси 8-апрелда билдирди.
МХДҚ бу икки депутат ҳақидаги маълумотни МСКга ўтказиб берди. МСК бу материалларни кўриб чиққандан кейин уларни мандатдан маҳрум қилиш масаласини кўриб чиқади.
Бунгача махсус хизмат парламентнинг уч депутати қалбаки диплом фойдаланишда гумон қилаётганини билдирган.
Фархат Исмаилов «Ата-Журт Қирғизистон», Фарходбек Алимжанов «Альянс» фракцияларининг депутатлари. Иккиси ҳам дипломлари қалбаки эканини инкор қилишмоқда.
Исмаилов «Азаттык»қа берган интервьюсида тергов адашган бўлиши мумкинлигини айтиб, «меники бари жойида» деб билдирди. Алимжанов Фейсбук саҳифасида МСК тарқатган маълумот «ҳақиқатга тўғри келмайди» деб ёзди.
Сайлов қонунига кўра, ёши 25дан катта, олий маълумоти бор одам Жогорку Кенешнинг депутати бўла олади.
МХДҚ президент Садир Жапаровнинг топшириғи билан барча даражадаги давлат хизматчиларининг дипломларини ва уларнинг қўш фуқаролиги бор-йўқлигини текшира бошлаган. Текширув шу йилнинг 24-январида бошланган ва уч ой давом этади.
Биринчи текширувда махсус хизмат «Бүтүн Кыргызстан» фракциясининг депутати Орозайым Нарматова «олий маълумоти ҳақидаги дипломни ноқонуний олган» деб аниқлаган. Шу сабаб МСК Нарматовани депутатлик мандатидан маҳрум қилган.
Нарматова ўзи «мандатини ноқонуний тортиб олишганини, суд адолатига ишонмаслиги учун МСКнинг қарори бўйича судга мурожаат қилмаслигини» айтган.