Тиббиёт вакиллари Бейшеналиевнинг истеъфосини талаб қилишди

308

Тиббиёт соҳаси вакиллари 18-мартда соғлиқни сақлаш вазири Алимқадир Бейшеналиевнинг истеъфосини талаб қилиб, матбуот анжумани ўтказишди. Уларнинг фикрича, бу амалдорни шифокорларни бошқаришга уқуви йўқ.

Улар ўз мурожаатларини амалдорни соғлиқни сақлаш тизимида олиб бораётган ислоҳотлари сабаб, ҳамда шифокорларга нисбатан ҳурматсиз муомаласи боис қилинаётганини билдиришган.

Профессор Алмазбек Исманкуловнинг айтишича, Бейшеналиевнинг ҳатти-ҳаракати ақлга сиғмайди, у қонунга амал қилиши керак. Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исманкулов ишлатаётган кўз хирургия клиникаси биносини олиб қўйган.

У Бейшеналиевдан жарроҳ Эрнст Акрамовга қилган муомаласи учун ҳам норози эканини қўшимчалаган. Бунгача вазир Акрамов бошқарган жарроҳлик илмий институтини ҳам ёпган.

«Болалар фонди» бошқармасининг аъзоси Галина Куликова ҳам соғлиқни сақлаш вазирини истеъфога кетишини талаб қилиб, президент Садир Жапаровни масалага эътибор қаратишга чақирди.

«Саволимга жавоб берингларчи... Соғлиқни сақлаш вазири бошлаган ўзбилармонликни ким тўхтатади? Унда этика, ор-номус, қадр-қиммат деган тушунча йўқ. Нима бўлаётганини бизга ким айтиб бера олади?» — деди Куликова.

Шунингдек, у давлат раҳбарининг жимлиги Бейшеналиевнинг «қилган ишларига» розилигини англатади деб ҳисоблайди.

Бундан ташқари, Куликованинг айтишича, Чуй вилоят касалхонасига Акрамовнинг номини бериш бўйича ҳужжатга Бейшеналиевнинг ўзи қўл қўйган, энди эса бундан бош тортмоқда.

«Акрамовнинг номини Чуй вилоят касалхонасига бериш бўйича мурожаатни [Акрамов] ўзи илгари сурмаган. У [Акрамов] ҳаётини сақлаб қолган одамлар гуруҳи ва касбдошлари, ана шулар президентга мурожаат қилган. Бейшеналиев бу ҳужжатни имзолашни кечиктириб, кейин имзолаб, энди эса тониб, ёрдамчиларини айбламоқда», — деди у.

Куликова Бейшеналиевдан ҳеч ким кечирим кутмаётганини, ҳозирда вазирга қарши биргина — истеъфога кетиш — талаби борлигини қўшимча қилди.

Соғлиқни сақлаш вазирининг ислоҳотлари ҳақида №17 оилавий шифокорлар марказининг етакчиси Бахтияр Абсаматов ҳам фикр билдирган. Унинг айтишича, олиб борган ислоҳотларига қарамай, соғлиқни сақлаш тизимида ҳеч қандай ўзгаришлар бўлмаган.

«Олдин одамлар компьютер томографиясидан ўтиш учун хусусий клиникаларга қандай борса, ҳозир ҳам боришади. Вазирлик нима учун элементар нарсаларни қилмайди?» — деб норози бўлди Абсаматов.