«Аёл жилмайса — олам жилмаяди». Президент аёлларни 8-март байрами билан табриклади

334
Садир Жапаров. Сурат: Президентнинг матбуот хизмати

Президент Садир Жапаров Қирғизистон аёлларини 8-март Халқаро хотин-қизлар куни билан табриклади. Жапаровнинг табриги президент сайтида берилди.

«Табиат ҳадя қилган туганмас меҳр билан туганмас поклик соҳибаси бўлган аёл фақат оила ташвишини эмас, ер юзидаги осудаликни, тинчликни сақлаб туради. Шу сабаб она юрагига бутун олам сиғади. Мана шундай буюк мўъжиза учун биз сизларга умрбод таъзимдамиз! Она меҳри — одам боласини руҳан етилишига, одам бўлиб шаклланишига омил бўладиган, ҳаётида ишончли таянч бўладиган асл бойлик», — деди Жапаров.

Давлат раҳбари «аёл жамиятда ўзгача ўрин эгаллашини» таъкидлаб, уларни «ғамхўр она, меҳрли ёр, масъулиятли ходим, ташаббускор етакчи» деб сифатлади.

«Аслзодаликни мана шу қиёфаси бутун одамзоднинг қиймати бўлган она тилимизни сингдириб, уни ҳурмат қилишга, боболардан мерос бўлиб келаётган урф-одатларни эъзозлашга, ватаннинг ҳақиқий фарзанди қилиб тарбиялашга ўргатади», — деди у.

Садир Жапаровнинг айтишича, аёллар қирғиз халқининг тарихида давлат ривожига катта ҳисса қўшиб келган.

Шунингдек, Жапаров бугунги кунда ҳам «аёлларнинг иштирокисиз иқтисодий ва сиёсий қайта қуришларни муваффақиятли амалга оширишни, халқимизнинг маънавий бойликларини қайта яратишни ва ривожлантиришни, жамиятдаги одоб-ахлоқни мустаҳкамлашни ва миллий қадриятларни — наслимизни сақлашни тасаввур қилиш мумкин эмас» деб таъкидлади.

“«Аёл жилмайса — олам жилмаяди» дегандай, сизлар ички гўзаллигингиз билан оламни олиб, доим пок тилаклар билан яхшиликка ундаб, катта ишларга рағбатлантирасизлар», — деб якунлади давлат раҳбари.

Президент аёлларга ва уларнинг яқинларига мустаҳкам соғлик, узоқ умр ва фаровон ҳаёт тилади.