Украина президенти Владимир Зеленский Украинани Қирғизистондаги элчисини маслаҳатлашиш учун чақиртирди. Бу ҳақда Зеленский 1-мартдаги брифингда маълум қилди.
Зеленскийнинг айтишича, бу қарор Қирғизистон Россияни Украинага қарши агрессиясини оқлагани учун қабул қилинган.
«Бизнинг дипломатлар ҳозирда ўз сўзига ва халқаро ҳуқуққа хиёнат қилган давлатларга нисбатан адолатли ва зарур бўлган қарорларни амалга оширмоқда. [Қирғизистон] Украинага қарши агрессияни ёқлагани учун элчини маслаҳатга зудлик билан чақирди», — деди Зеленский.
Зеленский Украина Грузиядаги элчисини ҳам «[Грузия] Украинага ёрдам бераман деган кўнгиллиларга тўсқинлик қилгани ва санкцияларга нисбатан маънавий томондан нотўғри позицияси учун» чақиртираётганини қўшимча қилди.
Қирғизистоннинг ТИВ ҳам украин томондан ҳозирча «маълумот олмаганини» маълум қилди.
«Бу масала бўйича украин томондан расмий жавоб кутяпмиз», — деди муассаса бошчисининг ўринбосари Айбек Молдогазиев «Кактус»га берган интервьюсида.
Президент Садир Жапаров Россия Украинага ҳужум қилган вақтдан бери унинг ҳаракатларини қўллаш бўйича бир томонлама позициясини айтган ҳам, айтмаган ҳам эмас.
Россия 22-февралга ўтар кечаси ўзини-ўзи мустақил деб эълон қилган «Донецк» ва «Луганск» «халқ республикаларини» мустақиллигини тан олгандан кейин Жапаров «балки бу Донбасни тинч аҳолисини ҳимоя қилиш учун мажбур чорадир» деб билдирган.
24-февралда рус ҳарбийлари Украинага бостириб кирган куни Россиянинг бош вазири Михаил Мишустин билан Минкаб раиси Акилбек Жапаров учрашган. Учрашувда Акилбек Жапаров унга президент Садир Жапаровнинг «Қирғизистон Россия билан 200 йил бирга бўлган, яна 300 йил бирга бўлишга тайёр» деган сўзларини етказган. Минкаб раиси Қирғизистон Россия билан алоқасини бундан кейин ҳам мустаҳкамлашни режалаштираётганини қўшимча қилган.
26-февралда Садир Жапаров Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали сўзлашган. Бироқ матбуот хизматларининг маълумотида икки давлат лидерининг гаплашган сўзларида фарқ бўлган.
Кремлдан Қирғизистон президенти Россияни Украинага ҳужумини қўллади деб билдиришган. «Садир Жапаров Киевни Минск шартномасига олдида жавобгарлигини таъкидлаб, Донбассдаги тинч аҳолини ҳимоя қилишга йўналтирилган Россиянинг ҳаракатларини қўллади», — деб айтилган маълумотда. Жапаров администрацияси бу маълумотни инкор қилган ҳам, тасдиқлаган ҳам эмас. Уларнинг билдирувларига кўра, президентлар қирғиз-рус ҳамкорлигини, минтақадаги хавфсизликни ва «Украина атрофидаги вазиятни» муҳокама қилишган.
Кейинчалик президент Садир Жапаровнинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев Россияни Украинага бостириб кириши бўйича Қирғизистоннинг позициясини айтган.
«Биз юзага келган вазиятни бартараф қилишни қўллаймиз, шунингдек бундан кейинги йўқотишлар ва вайроналарни олдини олиш учун сўзлашувлар йўли билан», — деган Эрбол Султанбаев.