ОАВ фаолиятини чеклаш, телеминорани отиш. Украина бўйича асосий маълумотлар

313

АҚШ Россия Украинага ҳужум қилгани сабаб рус самолётларига ҳаво йўлларини ёпиш қарорини қабул қилди. Бу ҳақда 2-мартда АҚШ президенти Жо Байден Конгрессдаги билдирувида айтди. Шунингдек, у НАТО Россия билан уруш қилмаслигини, бироқ Европадаги контингентни кучайтиришни билдирди.

Бунгача Евроиттифоқ ҳам рус самолётларига ҳаво йўлларини ёпган эди.

Киевдаги телеминорага осмондан зарба берилиб, телеканаллар бир қанча вақт ишламай қолган. Украина президенти Владимир Зеленский зарба натижасида беш киши ҳалок бўлганини билдирган.

Бундан олдин Россиянинг мудофа вазирлиги «Россияга қарши давлат ҳужумларини олдини олиш мақсадида» Киевдаги объектларга зарба беришини билдириб, ретрансляторлар ёнида яшаганларни «уйларидан кетишга» чақирган.

1-мартда отишмалар бошқа шаҳарларда ҳам давом этган. Харьков вилоят маъмурияти жойлашган марказий майдонда ҳам қаттиқ портлаш бўлган.

Роскомнадзор Россияда «Эхо Москвы» ва «Дождь» телеканалини эфирларини тўхтатиб, уларнинг сайтларини ва Украинадаги урушни ёритган бир неча ОАВлари ишини чеклаган.

Россиянинг ташқи ишлар вазири Сергей Лавров БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши йиғинида видео алоқа орқали нутқ сўзлаган. Унинг сўзлари олдиндан ёзиб олинган видеода қўйилди — Лавров Россия самолётларига Европа ҳаво йўллари ёпилгани учун учрашувга ўзи келолмаган. Лавров сўзлаётганда ўнлаган давлатларнинг дипломати норозилик билдириш мақсадида учрашув залидан чиқиб кетишган.

Лавров ўз баёнотида Россияни Украинага ҳужумини ўлкада «инсон ҳуқуқлари бузилиб», рус тилли озчилик кўп йилдан бери «террорга учраган» деб оқлаган.

БМТнинг Гаагадаги халқаро суди Украинани Россия қарши даъвоси бўйича эшитувларни 7-8-мартга белгилаган.

Украина президенти Владимир Зеленский Қирғизистондаги элчисини маслаҳат учун чақиртириб олди.