Москвада Тожикистоннинг талаби билан қирғиз фуқароси қўлга олинди

289

Қирғизистон ТИВ 1 март куни Тожикистон Республикасининг талабига кўра Россияда Қирғизистон фуқаросини ҳибсга олинганини маълум қилди. Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, 1981 йилда туғилган эркак 23 февраль куни қўлга олинган.

Қирғизистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси матбуот хизмати 23 февраль куни Москва полицияси томонидан Дўсматов исмли фуқаро қўлга олинганини маълум қилди. 25 февраль куни эса дипломатик муассаса ходими полиция бўлимига ташриф буюрган.

«Мавжуд маълумотларга кўра, Тожикистон Республикаси сўровида кўрсатилган воқеалар вақтида Қирғизистон фуқароси Россия ҳудудида бўлган. Ушбу фактнинг ҳужжатли тасдиқланиши кутилмоқда. Бу эса Дўсматовга нисбатан қўзғатилган жиноий ишнинг сохталаштирилганлигини, шунингдек, унга нисбатан жиноят содир этишда айбловнинг асоссизлиги ва ноқонунийлигини тасдиқлайди», — дейилади элчихона хабарида.

Бу Қирғизистон фуқаросининг Тожикистон томони талаби билан Россияда биринчи марта қўлга олиниши эмас. 2021 йилда Қирғизистон сўровига кўра Россияда чегарадаги можарода иштирок этганликда гумон қилинган бир неча Тожикистон фуқаролари қўлга олинган эди. Бироқ мамлакат расмийлари уларни Қирғизистонга беришдан бош тортган ва қўйиб юборишган.

Душанбе илтимосига кўра Россияда қирғизистонликлар ҳам қўлга олинган, бироқ улар ҳам Тожикистонга берилмаган ва кейинроқ қўйиб юборилган.