Президент Садир Жапаров дафн маросимларида чорва сўйишни тақиқловчи қарор чиқарди. Бу ҳақда давлат раҳбари Фейсбукдаги саҳифасида маълум қилди.
Унинг ёзишича, «мамлакатнинг барча фуқароларига имконияти борми ёки йўқми, дафн маросимларида қорамол сўйиш тақиқланади».
Унинг сўзларига кўра, Қирғизистонда дафн маросимлари «байрамга айланиб кетган». «Кўпинча камбағал оилалар бойлар билан рақобатлашиб, бемаъниликка берилиб, ёлғиз сигирини сўйиб, яқинларини сўнгги сафарга жўнатиб, ўзлари бор будидан маҳрум бўлиб қолиш ҳолатлари учраб туради», — деб ёзади Жапаров.
Жапаров маҳаллий ҳокимликларга аҳоли ўртасида ахборот-тушунтириш ишларини олиб бориш ва бу масалани қаттиқ назоратга олиш бўйича топшириқ берди.
Президент вилоятлар ва вилоят ҳокимликларидаги вакилларига дафн маросимлари, тўй ва оилавий тантаналарни ўтказиш тартибини ишлаб чиқиш, диний идорага диний маросимларда исрофгарчиликка йўл қўймаслик бўйича фатво беришни тавсия этиш бўйича топшириқлар берилди.
Тўй ва маъракаларда одамлар сонини чеклаган қонун лойиҳаси
Ўтган йили 21-июлда Парламентнинг ижтимоий масалалар, таълим, фан ва маданият бўйича қўмитаси биринчи ўқишда депутат Улуғбек Ормоновнинг қонун лойиҳасини маъқуллаган. Лойиҳада ҳар қандай тўй-маросимлар, никоҳ маросимлари ҳамда оилавий тадбирларни ўтказишни тартибга солади. Ормонов қонун лойиҳасини май ойида жамоат муҳокамасига чиқарган эди.
Унда қуйидаги чекловлар тавсия этилган:
оилавий маросимларни, урф-одат ва тадбирларни 100 кишидан кўп бўлмаган ҳолда чақириш ва ўтказиш;
никоҳ маросимларида 200 кишига банкет уюштириш билан бир кунда ўтказиш;
фуқаролик ҳолатларни қайд қилиш идораларида никоҳдан ўтиш маросимини 3тадан ортиқ бўлмаган енгил автомашина билан ўтказиш;
«Жанозага» (дафн маросими) аҳоли сони чекланмайди, аммо қора мол ва от сўйилмайди;
марҳумни сўнги сафарга кузатишда иштирок этганларнинг сони 100 кишидан ошмайди ва мол, от сўйилмайди.
Ушбу тадбирлардан ташқари, қонунда зиёратчиларни ҳаж сафарига кузатиш бўйича чекловларни киритиш ҳам таклиф этилган. Депутатлар зиёратчиларни кузатиш ва кутиб олишни оила даврасида ўтказиш кераклигини таъкидлашган.
Лекин мазкур қонун лойиҳаси парламентнинг олтинчи чақирилиши депутатлари томонидан қабул қилинмаган.